Сирожиддин Одилов иши: суд ҳукм чиқарди. Саволлар-чи?

Блогер Сирожиддин Одилов 4 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Суд уни товламачилик ва фирибгарликда айбдор деб топди.

Мен ҳозир Сирожиддин Одилов айбдор ёки айбсиз, деб ҳукм чиқармоқчи эмасман. Буни Facebook ҳам, блогерлар ҳам, сиёсатчилар ҳам эмас — мустақил ва холис суд ҳал қилиши керак.

Лекин айнан шу ерда асосий савол пайдо бўлади:

Суд жараёни ва чиқарилган ҳукм жамиятда ишонч уйғотадими?

Сирожиддин Одилов оддий фуқаро эмас. У юз минглаб одамлар кузатадиган блогер, жамиятдаги муаммолар ва мансабдорлар фаолияти ҳақида танқидий чиқишлар қилиб келган.

Сирожиддин Одиловнинг иши унинг блогерлик фаолияти билан боғлиқ эмас, дейилмоқда. Шундай экан, суд жараёни очиқ, айбловлар ва уларни тасдиқловчи далиллар жамоатчилик учун аниқ ва ишонарли бўлиши керак.

Аммо бу ишнинг ўзида саволлар туғдирган ҳолатлар бўлди.

Дастлаб айбловлар орасида пора беришга кўмаклашиш билан боғлиқ модда ҳам бор эди, кейинчалик у айбловдан чиқарилди. Суд тергови, музокаралар ва охирги сўздан кейин ҳукм кутилаётган бир пайтда суд тергови қайта тикланди. Кейин судья алмашди ва жараён амалда қайтадан бошланди. Айрим жабрланувчилар даъволаридан воз кечгани ҳақида ҳам хабарлар берилди.

Буларнинг ҳар бирига ҳуқуқий сабаб бўлиши мумкин. Лекин жамият учун бу сабаблар очиқ ва тушунарли бўлиши керак.

Чунки гап фақат Сирожиддин Одилов ҳақида эмас.

Гап Ўзбекистонда судга бўлган ишонч ҳақида кетяпти!

Агар блогер ҳақиқатан жиноят содир этган бўлса, унинг машҳурлиги ёки танқидий чиқишлари уни жавобгарликдан озод қилмаслиги керак.

Лекин агар танқидий журналист ёки блогер жиноий жавобгарликка тортилаётган бўлса, давлат зиммасида янада каттароқ масъулият пайдо бўлади: суд жараёни шундай ўтиши керакки, одамлар «уни танқид қилгани учун жазолашди» деган хулоса чиқармасликлари керак.

Шунинг учун мен учун асосий масала Сирожиддин Одиловни ҳимоя қилиш ёки қоралаш эмас.

Асосий масала — мустақил суд.

Чунки адолат фақат қарор чиқариш эмас.

Адолат — жамият суд чиқарган қарорнинг адолатли эканига ишона оладиган суд тизимини яратишдир.

Ҳозир эса Сирожиддин Одилов иши бўйича суд қарорига ишонч йўқ.

Пўлат Ахунов,

Association Central Asia жамиятининг раиси