Гап шахсларда эмас — СИЁСИЙ ПОЗИЦИЯДА

Баҳодир Файзийнинг ўзбек мухолифати тарихи ҳақидаги катта мақоласини ўқиб чиқдим. Унда «Бирлик», Абдураҳим Пўлатов ва Муҳаммад Солиҳ ҳақида жуда кўп шахсий мулоҳазалар, тахминлар ва турли воқеалар талқини бор.

Лекин биз, бирликчилар учун доимо битта нарса муҳим бўлган — сиёсий позиция.

Гап ким яхши ёки ёмон одам бўлганида эмас. Гап миллат тақдири ҳал бўлаётган пайтда ким қандай сиёсий позицияда турганида.

Биз бир нарсани аниқ биламиз.

Ўзбекистон учун энг муҳим тарихий паллада «Бирлик» Ислом Каримовга қарши турди. Биз Каримов бошчилигидаги ҳокимият мамлакатни демократияга эмас, диктатурага олиб боришини айтдик. Абдураҳим Пўлатов бу сиёсий позицияни ҳатто ўзининг «Ўзбекистон мустақил диктатура остонасида» деган мақоласида очиқ баён қилди.

Муҳаммад Солиҳ эса ўша пайтда Ислом Каримовни «соғлом кучлар» вакили деб баҳолади ва у билан ҳамкорлик қилиш кераклигини айтди.

Фарқ мана шунда.

Биз Каримовга қарши туришни танладик. Муҳаммад Солиҳ эса ўша ҳал қилувчи пайтда Каримов билан ҳамкорлик қилиш йўлини танлади.

Эндигина тузилган, ҳали ичида биронта жиддий келишмовчилик аломати ҳам бўлмаган, ўзбек миллатининг томирларидан ўсиб чиққан «Бирлик» халқ ҳаракатини бўлиб, парчалаб, заифлаштиришда бош ролни Муҳаммад Солиҳ ўйнади. Сўнг Ислом Каримов тузиб берган «Эрк» партиясига бош бўлиб олди.

Кейин эса тарихда машҳур бўлиб қолган 53–54-квартиралар воқеаси юз берди. Бу ҳақда мен алоҳида ва батафсил ёзганман.

Шунинг учун Баҳодир Файзийга бир гапни айтмоқчиман: тарих ҳақида ёзар экансиз, аввало сиёсий позиция нима эканини унутмаслик керак.

Сиёсатчига унинг шеърларига, характерига, у ҳақдаги миш-мишларга ёки турли шахсий тахминларга қараб эмас, энг аввало унинг сиёсий позициясига қараб баҳо берилади.

Чунки тарих учун асосий савол — ким кимни ёқтиргани эмас.

Асосий савол: миллат тақдири ҳал бўлаётган пайтда ким қайси томонда турган?

Биз, бирликчилар, қайси томонда турганимизни яхши биламиз.

Биз Каримовга қарши турганмиз.

Баҳодир Файзий, сиз минг ёзиб, воқеаларга бошқача талқин беришга ҳаракат қилганингиз билан, битта нарсани ўзгартира олмайсиз — ўша даврдаги сиёсий позицияларни!

Абдураҳим Пўлатов:

Ислом Каримов Ўзбекистонни диктатурага олиб боради!

Муҳаммад Солиҳ:

Ислом Каримов — «соғлом кучлар» вакили, у билан ҳамкорлик қилишимиз керак!

Мана сизга икки сиёсий позиция.

Қолганига тарихнинг ўзи баҳо бериб бўлди.

Пўлат Ахунов,
Ўзбекистон «Бирлик» халқ ҳаракати партияси етакчиси,
Association Central Asia жамиятининг раиси