Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Муҳаммад Солиҳ қайтсин. Лекин 53–54 ни унутмайлик!

Сўнгги пайтларда Муҳаммад Солиҳни Ўзбекистонга қайтариш бўйича катта кампания бошланди. Уни демократия учун курашган мухолифат етакчиси сифатида кўрсатиб, Ватанга қайтаришга чақиришяпти. Солиҳга маддоҳ журналистлар яна ишга тушишди. Бундай Солиҳ шинавандалари Озодлик ва Би-би-сида борлигини барчамиз билар эдик, лекин бу Солиҳ маддоҳлари қаторига, унинг ўтмишини ва ким эканлигини билиб-билмай, жирканмай янги ёш журналистлар қўшилишди ва ҳатто 53–54 лақабли Муҳаммад Солиҳнинг қайтишини сўраб узундан-узун рўйхат тузишибди. Ҳа, ўтмишдан дарс олмаган бечоралар!
Қайтиш масаласига келсак, мен Муҳаммад Солиҳнинг Ўзбекистонга қайтишига қарши эмасман.
Қайтсин.
Лекин унинг қайтиши баҳонасида Ўзбекистон демократик ҳаракати тарихини қайта ёзишга, унинг энг оғир саҳифаларини унутиб юборишга қаршиман.
Чунки бугунги кампанияда деярли ҳеч ким 1989 йилда «Бирлик» билан нима бўлганини эсламаяпти.
Ўша пайтда «Бирлик» Ўзбекистондаги энг катта ва кучли миллий-демократик ҳаракат эди. Республика бўйлаб минглаб фаолларимиз, юз минглаб тарафдорларимиз бор эди. Олдимизда 1990 йилги Олий Совет сайловлари турарди ва «Бирлик» мамлакат сиёсий ҳаётини ўзгартириш имкониятига эга эди.
Ана шу ҳал қилувчи пайтда Муҳаммад Солиҳ «Бирлик»ни парчалашда бош ролни ўйнади.
«Бирлик» раҳбарияти ичида унинг Ислом Каримов билан яширин учрашуви, 1989 йил 10 сентябрга белгиланган 100 минг кишилик митингни тўхтатишдаги иштироки қаттиқ баҳсларга сабаб бўлди. Кейин Муҳаммад Солиҳ Коммунистик партия тайёрлаган рўйхатдан Олий Совет депутатлигига номзод бўлди.
Ва яна икки рақам пайдо бўлди:
53–54 рақамли квартиралар.
Бу оддий квартира рақамлари эмас.
Ўша давр ҳужжатлари асосида «Ҳаракат»да ёзилганидек, ҳукумат Муҳаммад Солиҳ — ҳужжатлардаги исми Салой Мадаминовга — Тошкент марказидаги «Ирригатор» массиви 8-уйдан 53 ва 54-сонли квартираларни ажратди. Улар учун 03 серияли, 034581 рақамли ордер расмийлаштирилди. Унинг аввалги квартираси ҳам оиласида қолдирилди. Кейинчалик, Каримов ҳокимияти Муҳаммад Солиҳ билан ораси бузилгандан сўнг, бу квартиралар Мирзо Улуғбек тумани судининг 1994 йил 18 февралдаги қарори билан қайтариб олинди.
Биз бу воқеаларни бугун ўйлаб топаётганимиз йўқ.
Бундан қарийб ўттиз йил аввал «Ҳаракат» журналида чоп этилган мақоланинг номи:
«53–54: Сотқинликнинг замонавий рамзи» эди.
Ўша мақолада 53–54-квартиралар Исо пайғамбарни сотган Иуда олган 30 кумуш танга билан қиёсланган эди.
Шунинг учун мен бугун бир таклиф билдирмоқчиман. Буни аввал ҳам видео интервьюларимда айтганман.
Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистонга қайтсин. 53–54-квартиралар ҳам унга қайтариб берилсин. Яшасин ўша квартираларда, ахир у бу квартираларни олиш учун роса меҳнат қилган — виждонини, миллатини сотган. У бу квартираларни «Бирлик» ва Ўзбекистон демократик ҳаракатига сотқинлиги эвазига олган, деб билганмиз ва бугун ҳам шу сиёсий баҳомизда қоламиз.
Фақат 53 ва 54-квартиралар олдига тарихий лавҳа ўрнатайлик:
«53–54
Муҳаммад Солиҳга «Бирлик»ка қилган сотқинлиги учун Ислом Каримов совға қилган квартиралар.
Замонавий 30 кумуш танга.»
Нега бугун мен бу қадар оғир гапларни ёзяпман?
Чунки гап Муҳаммад Солиҳнинг шахсидагина эмас.
Бугун бўлаётган ишлар — «Бирлик»нинг минглаб фаоллари хотирасига нисбатан ҳақоратдир.
Улар Ўзбекистон демократик давлат бўлиши мумкинлигига ишондилар. Кимдир ишидан айрилди. Кимдир таъқиб қилинди. Кимдир қамалди. Кимдир Ватанини тарк этишга мажбур бўлди. Айримлари эса бу курашда ҳаётини ҳам йўқотди.
Энг муҳими — бутун бир авлод Ўзбекистонда демократик давлат қуриш учун пайдо бўлган тарихий имкониятдан маҳрум бўлди.
1990 йилги сайловлар арафасида «Бирлик»нинг парчаланиши оддий икки сиёсатчининг жанжали эмас эди. «Ҳаракат» архивида ўша пайтда «Бирлик» Олий Советга катта демократик гуруҳ олиб кириш имкониятига эга бўлгани, бўлинишдан кейин эса ҳаракат кескин заифлашиб, ҳукумат кўплаб «Бирлик»чиларни ҳатто номзод сифатида рўйхатга олмасликка журъат этгани ёзилган.
Мен ўша воқеаларнинг четдан кузатувчиси эмасман.
Мен уларнинг ичида бўлганман.
Шунинг учун бугун, ўша воқеаларни кўрган ва сиёсий фаолиятини ҳали ҳам давом эттираётган «Бирлик» раҳбарларидан бири сифатида, сукут сақлашга ҳаққим йўқ.
Муҳаммад Солиҳ қайтсин.
Лекин у билан бирга тарих ҳам қайтсин.
53–54 ҳам эсга олинсин.
«Бирлик» ҳам эсга олинсин.
Ўзбекистонда демократия учун курашиб, унинг учун бадал тўлаган минглаб инсонлар ҳам эсга олинсин.
Ярашиш мумкин.
Кечириш мумкин.
Лекин сотқинликни қаҳрамонликка айлантириш мумкин эмас.
Тарихни унутган миллат уни яна такрорлашга маҳкум.
Пўлат Ахунов
Ўзбекистон «Бирлик» халқ ҳаракати партияси етакчиси,
Association Central Asia жамиятининг раиси
