Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Президент Кореяда. «Корея иши» нима бўлди?

Президент Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Жанубий Кореяда бўлиб турибди. Корея билан инвестициялар, технологиялар, янги иш ўринлари ва меҳнат миграцияси бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳокама қилинмоқда.
Бу, албатта, яхши.
Лекин Президентнинг Кореяга ташрифи менга бир неча ой олдин катта шов-шувга сабаб бўлган бошқа бир «Корея иши»ни эслатди.
Кореяга ишга юбориш тизимида улкан коррупция схемаси фош этилган эди.
Гап майда пора ҳақида эмас.
Гап 90 миллион доллар ҳақида кетяпти.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотларида Кореяга ишга кетмоқчи бўлган фуқаролардан расмий тўловлардан ташқари минглаб доллар олингани, бу ишларда собиқ Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг айрим ходимлари, хусусий воситачилар ва бошқа шахслар иштирок этгани айтилди.
Орадан бир неча ой ўтди.
Энди жамоатчилик аниқ жавобларни билишга ҳақли:
90 миллион долларни кимлар олган?
Улар кимлар?
Ким ҳибсга олинди?
Ким суд қилинди ва ким қандай жазо олди?
Пулнинг қанчаси топилди ва жабрланган фуқароларга қанчаси қайтарилди?
«Жиноий иш қўзғатилди», «тергов кетяпти», «суд жараёни бошланди» деган умумий маълумотлар энди етарли эмас.
90 миллион долларлик коррупция ҳақида гап кетса, жамоатчилик унинг натижасини ҳам билиши керак.
Бу можарода яна бир исм кўп тилга олинди — Азизбек Тоштемиров.
Миграция тизимининг Жанубий Кореядаги собиқ вакили бўлган Тоштемировнинг ўзи ҳозир халқаро қидирувда. Лекин у ўша пайтдаги Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаевга нисбатан ҳам оғир айбловларни жамоатчиликка эълон қилди.
Жумладан, Кореядан қимматбаҳо «мармар гўшт», косметика ва бошқа маҳсулотларни Ўзбекистонга юбориш талаб қилинганини айтди. Ўз даъволарига оид аудиоёзувлар ва ёзишмаларни ҳам эълон қилди.
Албатта, бу даъволарни суд томонидан исботланган факт деб айта олмаймиз.
Лекин айнан шунинг учун давлатдан жавоб керак:
Бу айбловлар текширилдими?
«Мармар гўшт» воқеаси бўйича текширув қандай натижа билан тугади?
Агар Тоштемиров ёлғон гапирган бўлса — текширув натижасини очиқ эълон қилиб, буни айтиш керак.
Агар айтганлари тасдиқланган бўлса — ким бўлишидан ва қандай лавозимда ишлашидан қатъи назар, жавобгарлик бўлиши керак.
Лекин мени яна бир масала ўйлантиради.
3 сентябрь куни Беҳзод Мусаев Миграция агентлиги раҳбари лавозимидан озод қилинди. Расмий хабарда:«бошқа ишга ўтиши муносабати билан», дейилди.
Шунча можаролардан кейин — бошқа ишга ўтиши муносабати билан?!
Агар эртага у бошқа юқори давлат лавозимида пайдо бўлса, одамлар қандай хулоса қилади?
«Катта можаро бўлса ҳам, бир креслодан бошқасига ўтиб кетиш мумкин экан», демайдими?
Мен кўп йиллардан бери Ўзбекистон давлат бошқарувида етишмаётган бир нарса ҳақида гапириб келаман.
Бизга истеъфо маданияти керак.
Истеъфо билан Президент томонидан лавозимдан олиб ташлаш бир нарса эмас.
Агар катта можародан кейин амалдорнинг ўзи истеъфога чиқмаса ва уни Президент ишдан олишга мажбур бўлса, Президент бу қарор билан содир бўлган воқеалар учун сиёсий масъулиятнинг бир қисмини ўз зиммасига олади. Чунки бу раҳбарни лавозимга қўйиш хато бўлганини Президентнинг ўзи тан олаётган бўлади.
Лекин раҳбарнинг ўзи:
«Бу идорага мен раҳбарлик қилдим. Қўл остимда шундай воқеалар юз берди. Бунинг учун сиёсий ва бошқарув масъулиятини ўз зиммамга оламан ва истеъфога чиқаман», деса, у масъулиятни Президент зиммасига юкламайди.
Масъулиятни ўзига олади.
Мана шу — истеъфо маданияти!
Президент ҳар бир вазир, агентлик раҳбари ёки ҳокимнинг орқасидан юриб, унинг идорасида нима бўлаётганини назорат қилиб, можаро чиққандан кейин кимни ишдан олишни ҳал қилиб ўтирмаслиги керак.
Раҳбарнинг ўзи бошқараётган тизим учун жавобгар бўлиши керак.
Бу дегани раҳбар қўл остидаги ҳар бир ходимнинг жинояти учун жиноий жавобгар бўлади, дегани эмас.
Жиноий жавобгарлик билан сиёсий ва бошқарув жавобгарлиги — икки хил нарса.
Жиноий жавобгарликни тергов ва суд белгилайди.
Лекин агар раҳбар бошқараётган идорада улкан коррупция схемаси пайдо бўлган бўлса, раҳбар фақат: «Мен пора олмаганман», деб четда тура олмайди.
У: «Нега мен бошқараётган тизимда бундай коррупция мумкин бўлди?» деган саволга ҳам жавоб бериши керак.
Айрим ҳолатларда ана шу жавобгарликнинг ифодаси — истеъфо.
Истеъфо ҳар доим айбни тан олиш дегани эмас.
Истеъфо: «Мен раҳбар эдим ва мен жавобгарман», дея олиш маданиятидир.
Амалдор Президент уни ишдан олишини кутиб ўтирса — бу истеъфо маданияти эмас.
Вақти келганда ўзи истеъфога чиқса — мана шу жавобгарлик маданияти.
Шунинг учун коррупцияга қарши курашни мен икки оддий савол билан ўлчаган бўлардим:
Ким жавоб берди?
Тизимда нима ўзгарди?
Айбдорлар жазоланмаса — жавобгарлик йўқ.
Тизим ўзгармаса — эртага бошқа одам худди шу ишни такрорлаши мумкин.
Шунинг учун Президентнинг бугунги Корея ташрифи фонида «Корея иши» ҳақида ҳам жамоатчиликка очиқ ва тўлиқ маълумот бериш вақти келди, деб ўйлайман.
90 миллион доллар қаерда?
Кимлар жавоб берди?
«Мармар гўшт» бўйича текширув нима билан тугади?
Ва Ўзбекистон давлат бошқарувида истеъфо ва жавобгарлик маданияти қачон пайдо бўлади?
Пўлат Ахунов
Ўзбекистон «Бирлик» халқ ҳаракати партияси етакчиси,
Association Central Asia жамиятининг раиси
