Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Қавмга яраша имом

Тарихдан чиқариладиган энг муҳим сабоқ — ўтган диктаторни қоралаш билан чекланиб қолмасдан, янги диктатор пайдо бўлишига йўл қўймасликдир.
2015 йилда мен Ислом Каримов ва у билан боғлиқ воқеалар ҳақидаги хотираларимни ёзган эдим. Орадан ўн бир йил ўтди. Энди ўша хотираларим асосида видеоҳикоя тайёрладим.
Видеода мен шахсан гувоҳ бўлган, иштирок этган ва бошдан кечирган воқеалар ҳақида сўзлайман. Ўша давр муҳитини яхшироқ тасаввур қилиш учун архив фото ва видеоматериаллардан фойдаландим. Архив тасвирлари етарли бўлмаган айрим воқеа ва саҳналар эса мавжуд тарихий материаллар, фотосуратлар ва менинг хотираларим асосида сунъий интеллект ёрдамида визуал реконструкция қилинди. Реконструкция қилинган тасвирлар асл архив кадрлари эмас. Видеода камчиликлар бўлса, бунинг учун олдиндан узр сўрайман.
Нега видеога «Қавмга яраша имом» деб ном қўйдим?
Сўнгги пайтларда Ислом Каримов ҳақида кўп ёзиляпти ва гапириляпти. Айниқса, бир вақтлар у билан яқиндан ишлаган, унинг атрофида бўлган, юқори лавозимларни эгаллаган одамлар бугун ўша давр ҳақида анча очиқ гапира бошладилар. Улар биз илгари билмаган кўплаб воқеа ва тафсилотларни ҳам айтиб бермоқдалар.
Бу хотиралар тарих учун муҳим.
Лекин фақат Каримовнинг қилган ишларини бугун фош қилишнинг ўзи етарли эмас. Менимча, биз яна бир муҳим саволга жавоб излашимиз керак:
Ислом Каримов қандай қилиб диктаторга айланди ва бунда унинг атрофидаги одамларнинг роли қандай бўлди?
Чунки Каримов бу тизимни бир ўзи қурмаган.
Унинг атрофида жуда кўп одамлар бор эди. Улар унинг қарорларини амалга оширдилар, ҳокимиятини мустаҳкамладилар, уни мақтадилар, ҳар бир гапини маъқулладилар, қилган ишларини оқладилар. Кимдир манфаат учун, кимдир лавозим учун, кимдир қўрққанидан, яна кимдир уни чин дилдан қўллаб-қувватлагани учун шундай қилди.
Биз жамият сифатида ҳам бундан холи эмасдик. Хушомад, лаганбардорлик, раҳбарнинг ҳар бир гапига қўшилиш, уни кўкларга кўтариш, бошқача фикр айтганларга шубҳа билан қараш — буларнинг барчаси бир одам қўлида тобора кўпроқ ҳокимият тўпланиши учун қулай муҳит яратди.
Шунинг учун мен видеога «Қавмга яраша имом» деб ном қўйдим.
Бу билан мен бутун айбни халққа юкламоқчи эмасман. Аксинча, диктатурани фақат битта одамнинг шахси билан тушунтириш хато, демоқчиман. Диктаторнинг атрофида уни қўллаб-қувватлайдиган, қарорларини бажарадиган, хатоларини оқлайдиган ва унга қарши гапиришдан қўрқадиган муҳит ҳам шаклланади.
Шунинг учун бугун ўтмиш ҳақида очиқ гапиришнинг ўзи кам. Ўша ўтмишдан сабоқ чиқаришимиз керак.
Ҳеч бир раҳбарни кўр-кўрона қўллаб-қувватламаслик, унинг ҳар бир қарорини оқламаслик, уни мақташда мусобақалашмаслик керак. Раҳбар ким бўлишидан қатъи назар, унинг ҳокимиятини чеклаб турадиган қонунлар ва институтлар ишлаши керак.
Акс ҳолда, кеча Каримов атрофида яратилган муҳитни эртага бошқа бир раҳбар атрофида яна яратиб қўйишимиз мумкин.
Ўтмишда диктатор қандай пайдо бўлганини тушунишдан мақсад — келажакда яна бир диктатор пайдо бўлишига йўл қўймаслик.
Пўлат Ахунов
Ўзбекистон «Бирлик» халқ ҳаракати партияси етакчиси,
Association Central Asia жамиятининг раиси
