Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Абдулҳамид Исмоил феномени

Ватанга киритилмаган ёзувчи ва чегара билмаган адабиёт
Баъзи ёзувчиларни таржимаи ҳоли орқали тушуниш мумкин. Баъзиларини эса асарлари орқали. Яна шундай ижодкорлар борки, уларнинг ҳаёти билан адабиётини бир-биридан ажратиб бўлмайди. Абдулҳамид Исмоил ана шундай ёзувчилардан.
Унинг тақдирида ўзбек адабиётининг сўнгги ярим асрлик тарихи акс этади: совет даври, миллий уйғониш, мустақиллик, сиёсий босим, муҳожират, тиллар орасида яшаш, Ватанни масофадан англаш ва ниҳоят, ўзбек адабиётининг дунё адабиёти билан очиқ мулоқотга киришиши.
Шунинг учун Абдулҳамид Исмоил ҳақида «хорижда яшайдиган ўзбек ёзувчиси» деб гапириш камлик қилади. «Муҳожир ёзувчи» деб аташ ҳам унинг адабий кўламини тўлиқ қамраб олмайди. Чунки унинг феномени бошқа ерда.
Абдулҳамид Исмоил ўзбек адабиётига сиғмаётган ёзувчи эмас, балки унинг ижоди ўзбек адабиётининг биз ҳали тўлиқ англаб етмаган кенглигини кўрсатаётган ҳодисадир.
Абдулҳамид Исмоил 1954 йилда ҳозирги Қирғизистон ҳудудидаги Токмоқ шаҳрида туғилган, кейин Тошкентда яшаб, ижод қилган. У шоир, ёзувчи, журналист ва таржимон сифатида шаклланди. 1992 йилда ёзувчилик фаолияти билан боғлиқ сиёсий босимлар боис Ўзбекистонни тарк этиб, Буюк Британияга кетди ва узоқ йиллар BBC жаҳон хизматида ишлади.
Бу саналарни билиш муҳим, аммо уларнинг ўзи Абдулҳамид Исмоил феноменини очиб бермайди.
Кўпинча муҳожиротдаги ёзувчи деганда Ватандан узоқда, ӯтмиш хотиралари билан яшайдиган, ортда қолган юртини соғинадиган ижодкор кўз олдимизга келади. Абдулҳамид Исмоилда эса жараён бошқача кечади. Масофа уни Ватандан узоқлаштириш ўрнига, Ватанни қайта кашф этишга йӯл очади. Тошкентда турган пайтида кундалик ҳаёт бўлиб туюлган нарсалар Лондонда хотирага айланади. Хотира эса адабиётга кӯчади.
Шу ерда унинг ижодидаги биринчи катта парадокс пайдо бўлади: у Ватандан узоқлашган сари Ватан унинг адабиётига кириб келади.
Абдулҳамид Исмоилни тушуниш учун тил масаласини четлаб ўтиб бўлмайди. У ўзбек, рус ва инглиз тилларида ижод қилган, ўзбек адабиётидан рус тилига, рус ва Ғарб адабиётидан ўзбек тилига таржималар қилган. Унинг асарлари кўплаб тилларга ўгирилган.
Лекин унинг кўп тиллилиги оддий «бир неча тилни билиш» эмас. Абдулҳамид аканинг ўзи бир интервьюда рус ва ўзбек тилларида ёзишни бир-бирининг ўрнини босадиган жараён деб эмас, ҳар бири ўзига хос ҳис ва «соз»га эга бўлган алоҳида ижодий дунё деб тушунтирган. Бу фикр унинг адабиёти учун жуда муҳим. Чунки тил унинг учун фақат восита эмас — хотиранинг шакли.
Бир тилда айтилган нарса иккинчи тилда худди ўша маънони бермаслиги мумкин. Демак, таржима ҳам сўзларни бир тилдан иккинчисига кўчириш эмас, бир дунёдан бошқа дунёга ўтишдир. Шу маънода Абдулҳамид Исмоилнинг ижоди ўзбек адабиётининг ички кўптиллилигини ҳам намоён қилади. Ахир Марказий Осиё ҳеч қачон фақат бир тилли макон бўлмаган. Туркий тиллар, форсий, арабий, кейин рус тили — буларнинг барчаси минтақанинг адабий хотирасида из қолдирган.
Абдулҳамид Исмоил ана шу кўп қатламлиликни яширишга эмас, бадиий имкониятга айлантиришга ҳаракат қилади. Унинг «The Railway» — «Темир йўл» романи шу нуқтаи назардан алоҳида аҳамиятга эга.
Асар аввал рус тилида ёзилган, кейин инглиз тилига таржима қилинган. Абдулҳамид ака бир интервюсида романни дастлаб ўзбек тилида ёза бошлаганини, аммо уни нашр этиш қийин бўлиши айтилганидан кейин рус тилига ўтганини сўзлаб берган.
Романнинг ўзида эса темир йўл оддий транспорт воситаси эмас. У — тарихнинг йўли. Турли одамлар, турли тиллар, турли тақдирлар, турли хотиралар бир маконда учрашади. Шу жиҳатдан «Темир йўл»ни Абдулҳамид Исмоил ижодининг рамзий калити дейиш мумкин. Чунки унинг ўзи ҳам адабий маънода бир «темир йўл» бўйлаб ҳаракат қилади: Тошкентдан Москвага, Москвадан Лондонга, ўзбекчадан русчага, русчадан инглизчага, миллий хотирадан жаҳон адабиётига.
Унинг адабиётида ҳаракатнинг ўзи мавзуга айланади. Агар «Темир йўл» ёзувчининг макон билан муносабатини кўрсатса, «Жинлар базми» унинг тарих ва адабиёт билан муносабатини очиб беради.
Романнинг марказида Абдулла Қодирий образи туради. 1930-йиллар охирида қамоққа олинган Қодирий хотирасида тугалланмаган тарихий романини қайта яратади. Унинг хаёлида XIX аср Туркистони, Ойхон тақдири ва ўзининг қамоқдаги ҳаёти бир-бирига аралашиб кетади.
Бу ерда ёзувчи жуда муҳим адабий усул қӯллайди: У Қодирий ҳақида шунчаки тарихий роман ёзмаган, қатағонлар пайтида ҳам адабиёт қандай яшаб қолиши мумкинлигини кӯрсатган. Қодирийнинг қўлидан қалам олинади. Аммо унинг хотирасидан романни юлиб олиб бўлмайди.
Бу ерда Абдулҳамид Исмоил билан Қодирий тақдири ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик йӯқ, лекин ҳар икки даврдаги қатағонлар сиёсатининг адабий акс-садони сезиш қийин эмас.
Бир ёзувчининг қўлёзмаси йўқолади. Бошқа ёзувчининг китоблари тақиқланади. Бирининг овози қамоқхона деворларида ортида қолади. Иккинчисининг овози чегаралар ортида.
Шу маънода «Жинлар базми» фақат Қодирий ҳақида эмас. У — адабиётнинг йўқотилган хотирани қайта тиклаш қобилияти ҳақидаги роман.
2019 йилда Абдулҳамид Исмоилнинг инглиз тилидаги «Жинлар базми» (The Devils’ Dance) романи Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Адабиёт мукофоти — EBRD Literature Prize билан тақдирланган Асарнинг бу мукофотга сазовор бўлгани унинг халқаро адабий майдонда қабул қилинганининг муҳим белгиларидан биридир.
«Жинлар базми»да яна бир муҳим нарса бор. Ёзувчи ўзбек адабиётини жаҳон ўқувчисига танитиш учун миллий руҳдан фойдаланади. У Қодирий, Чўлпон, XIX аср Туркистони, шеърият, сўфийлик, кўп тилли маданий муҳит ва тарихий хотирани асарнинг марказига олиб чиқади.
Абдулҳамид Исмоил бу асарнинг йўқолган ёки ўчирилган классик матнларини қайта яратишга уринган. Демак, Абдулҳамид Исмоил Қодирий ҳақида шунчаки тарихий роман ёзмаган, у адабиёт ва инсон руҳиятининг қанчалик сирли ва бетакрор эканлигини инкишоф этган. Ёзувчининг қўлидан китобини олиб қўйиш мумкин. Аммо унинг хаёлида, онгу шуурида яшаётган асарни йӯқотиб бӯлмайди. Бу асар бошқа бир ёзувчи орқали яна ҳаётга қайтади.
Абдулҳамид Исмоил ҳақида гапирганда, биз кўпинча унинг романларини эслаймиз: «Темир йўл», «Жинлар базми», «Ғайри кишилар ва асаларилар», «Манасчи», «Бизким — компьютерлар…» Аммо бу рўйхатнинг бошида шеър туриши керак.
Абдулҳамид Исмоил адабиётга аввало шоир сифатида кириб келган. Унинг «Боғ», «Чўл», Post Faustum, «Йўқлик китоби» каби шеърий ва экспериментал китоблари унинг кейинги адабий изланишлари учун муҳим пойдевор бўлган. У визуал поэзия, found poetry, китоб-арт каби шакллар билан ҳам тажриба қилган. Бу факт жуда муҳим. Шунинг учун Абдулҳамид Исмоилнинг кейинги прозасини тушуниш учун унинг шеъриятига қайтиш керак. Уни фақат романнавис сифатида ўқисак, биз ёзувчи ижодидаги бир муҳим сирни кўрмай қоламиз: Абдулҳамид Исмоилнинг романлари ортида шоир турибди.
Абдулҳамид Исмоил ижодини бир чизиқда тасаввур қилсак, унинг шеъриятдан насрга ўтишни кескин бурилиш деб бўлмайди. Аксинча, шеърий тафаккур катта шаклга кўчади. Шеърдаги йўл кейин «Темир йўл»га айланади. Шеърдаги хотира кейин тарихий роман бӯлиб дунёга келади. Шеърдаги тил ўйини кейин кўп тилли роман структурасига, шеърдаги йўқлик кейин Қодирийнинг йўқолган қўлёзмасига ва ниҳоят, ғазалнинг қадимий шакли XXI асрда сунъий интеллект ҳақидаги романнинг қурилиш ғоясига айланади. Шунинг учун Абдулҳамид Исмоилни «шеър ёзган романнавис» эмас, шеърий тафаккурни романга олиб кирган ёзувчи деб атасак тӯғрироқ бӯлади.
Абдулҳамид Исмоилнинг 1992 йилдан кейин ҳам ўзбек тилида ёзишда давом этгани оддий адабий факт эмас. Бу — ички Ватанни сақлаш усули. У турли тилларда ёзади. Русча, инглизча, ўзбекча. У таржима қилади. Бошқа тиллардаги шеърларни ўзбекчага олиб киради. Ўзбек адабиётини бошқа тилларга олиб чиқади. Шу ерда таржима ҳам оддий техник ишдан каттароқ маъно касб этади.
Таржима — чегарадан ўтиш. Бир тилдан иккинчисига, бир маданиятдан бошқасига, бир хотирадан бошқа хотирага қадар чӯзилган йӯл.
Абдулҳамид Исмоил ижодида тиллар бир-биридан ажралмайди. Улар бир-бирини бойитади. Шу сабаб унинг адабиётини «кўп тилли адабиёт» деб аташ мумкин. Аммо бу ерда кўп тиллилик фақат тил билиш қобилияти эмас. Кўп тиллилик — дунёни бир нечта нуқтадан кўриш қобилияти.
Абдулҳамид Исмоилнинг 2025 йилда АҚШдаги машҳур Йель университети нашриёти билан суҳбатида айтган бир фикри диққатга сазовор: унинг таъкидлашича, муҳожират ёзувчини ўз юртидаги ижодкорлардан кутиладиган айрим «келишувлар»дан озод қилиши, бошқа жамиятлар ўхшаш муаммоларни қандай бошқача ҳал қилишини кузатиш имконини бериши мумкин.
Бу фикрни унинг шахсий тақдири мисолида кўришимиз мумкин. Муҳожират баъзан инсонни Ватанидан айиради. Лекин ёзувчи учун у бошқа бир нарсани ҳам беради: масофа. Масофа — совуқлик эмас. Масофа — баъзан кўриш имконияти. Инсон кўзи ӯнгида жуда яқин турган нарсани кўра олмайди. Бир қадам орқага чекинса, бутун манзара намоён бӯла бошлайди. Абдулҳамид Исмоилнинг адабий нигоҳида ҳам шундай масофа бор. У Ўзбекистонга ташқаридан қарайди. Лекин бу «бегона»нинг нигоҳи эмас. Бу — ўз уйини узоқдан кўра бошлаган одамнинг нигоҳи.
Шу ерда Абдулҳамид Исмоил феномени яна бир қолипни бузади. Биз уни «муҳожир ёзувчи» десак, унинг ҳаётидаги сиёсий ва географик ҳолатни ифодалаймиз. Аммо унинг адабиёти бундан каттароқ.
2025 йилги илмий суҳбатда ёзувчининг ижоди рус, ўзбек ва инглиз тилларидаги асарлар, шунингдек таржималар орқали кўптилли ва кўпмаданиятли макон сифатида таҳлил қилинган.
Абдулҳамид Исмоил — трансмиллий ўзбек адабиётининг йирик вакили. Яъни ўзбек адабиётининг географик чегаралардан ташқарида ҳам яшаши мумкинлигини амалда кўрсатган ёзувчи.
Муҳожиратдаги ёзувчи олдида доимо янги муҳитнинг тили унинг она тилини аста-секин четга суриши мумкин, деган хавф пайдо бӯлади. Абдулҳамид Исмоилда эса тескари жараённи кўрамиз. Хорижга кетгач, ўзбек тили унинг адабий дунёсида янада марказий ўрин эгаллайди.
Унинг «Жинлар базми», «Манасчи» каби асарлари ўзбек тилида ёзилган ва айрим асарлари Ўзбекистондаги таъқиқлар туфайли ижтимоий тармоқлар орқали ўқувчиларга етказилган.
Бу ерда интернетнинг ролини алоҳида таъкидлаш керак. Бир вақтлар китоблар чегарадан ўтказилмаган бўлса, энди матн интернет орқали ӯқувчига етиб бормоқда.
Цензура китобни тўхтатиши мумкин, аммо ўқувчи билан матн ўртасидаги эҳтиёжни бутунлай йўқ қила олмайди. Ёзувчининг ўзи ҳам ижтимоий тармоқларда ўзбекча асарларини қисмларга бўлиб чиқарганини, улар тарқалганини ва янги ўқувчиларга етганини айтган.
Бу — XXI аср адабиётининг янги парадокси.
Абдулҳамид Исмоил феноменининг яна бир томони бор: таржима. Унинг асарлари инглиз, француз, немис, турк ва бошқа тилларга ўгирилган. «The Railway», «The Dead Lake», «The Underground», «The Devils’ Dance», «Of Strangers and Bees» каби асарлари орқали унинг адабий дунёси жаҳон ўқувчисига кириб борди.
Бу ерда таржимонни ҳам адабий жараённинг бир қисми сифатида кўриш керак. Масалан, «Жинлар базми»нинг инглизча таржимасида Дональд Рэйфилд ва Жон Фарнтоннинг меҳнати катта аҳамиятга эга. Асарнинг халқаро ўқувчига етиб бориши фақат муаллифнинг эмас, таржимоннинг ҳам ижодий меҳнати натижасидир.
Абдулҳамид Исмоил феномени бизга яна бир муҳим ҳақиқатни ошкор этади. Ўзбек адабиётини фақат Ўзбекистон ҳудудида ёзилган китоблар билан ўлчаб бўлмайди. Чунки ўзбек тилида ёзилаётган асарлар Лондонда ҳам яратилиши мумкин. Берлинда, Парижда, Москвада, Тошкентда ҳам, қолаверса интернетда ҳам ӯзбекча асарлар ёзилиши мумкин. Шу маънода ўзбек адабиётининг ҳақиқий харитаси сиёсий харитадан кенгроқ. Абдулҳамид Исмоил шу кенгликни кўрсатиб турган ижодкорлардан биридир.
Абдулҳамид Исмоил ўзбек адабиётининг бир муаммосини ҳам намоён этди: дунё биздаги адабиётни билиши учун яхши асарнинг ўзи етарли эмас; яхши таржима ҳам керак. Бу эса унинг шахсий муваффақиятидан кўра каттароқ масала. Бу — ўзбек адабиётининг жаҳон адабиётидаги келажаги ӯрни масаласидир.
Абдулҳмид Исмоил ижодини фақат тарих билан боғлаш хато бўлар эди. Унинг кейинги асарларида технология, сунъий интеллект, шеърият ва муаллифлик каби XXI аср мавзулари ҳам бор.
2025 йилда Йелъ Университети унинг инглиз тилидаги «Бизким — компьютерлар…» (We Computers: A Ghazal Novel ) асари ҳақида суҳбат эълон қилди. Асар ғазал шакли, таржима, муаллифлик ва рақамли интеллект мавзуларини бирлаштиради.
Бу ерда яна бир парадокс бор. Биз уни XIX аср Туркистони, Қодирий, Навоий ва сўфийлар олами билан боғлаймиз. У эса бир вақтнинг ўзида сунъий интеллект ҳақида роман ёзади..
«Бизким — компьютерлар…»нинг энг қизиқ саволи, менимча, «компьютер одам ўрнини босадими?» эмас, балки ундан ҳам чуқурроқ савол бу: Агар машина асрлар давомида ёзилган шеърларни ўрганса, у шеър ёза оладими? Агар у ғазал шаклини мукаммал биладиган бўлса, у муҳаббатни ҳис қиладими? Агар минглаб матнларни таҳлил қила олса, у хотирага эга бўладими? Бу саволлар Абдулҳамид Исмоилнинг аввалги ижоди билан ҳам боғланади. Қодирий йўқолган романини хотирасида қайта тиклаган эди. Компьютер эса хотираларнинг улкан базасидан янги матн тузади. Бир қарашда иккаласи бутунлай бошқа дунё. Аммо иккаласининг марказида битта савол бор: Матн қаердан келади? Инсон хотирасиданми? Тилданми? Тарихданми? Машинаданми? Ёки буларнинг барчаси бир-бирига ёндош жойданми? Ана шу ерда Абдулҳамид Исмоил феноменининг кенглиги яққол кўринади. Бир томонда — Қодирий. Иккинчи томонда — сунъий интеллект. Бир томонда — Чўлпон шеърияти. Иккинчи томонда — Telegram. Бир томонда — Навоий ва Ҳофиз. Иккинчи томонда — рақамли технология. Бир томонда — қатағон қилинган қўлёзма. Иккинчи томонда — алгоритм яратаётган матн. Бир томонда — 1930-йиллар қамоғи. Иккинчи томонда — XXI асрнинг виртуал макони. Абдулҳамид Исмоилнинг адабий ҳаракати шу икки қутб орасида. Шунинг учун унинг ижодини «анъана ёки модернизм» деб иккига ажратиш ҳам қийин. Унда анъана замонавий адабиётга мослашади, замонавий адабиёт анъанани қайта кашф қилади.
Менимча, «Абдулҳамид Исмоил феномени» деган тушунчанинг моҳиятини бир жумла билан шундай ифодалаш мумкин: У ўзбек адабиётининг чегараларини бузмаяпти — бизга унинг чегаралари аввал ўйлаганимиздан ҳам кенгроқ эканини кўрсатяпти. Бу кенгликда Қодирий ҳам, Чўлпон ҳам, Фитрат ҳам, Навоий ҳам, Ҳофиз ҳам, Темир йўл ҳам, Лондон ҳам, Тошкент ҳам, Telegram ҳам, Ғазал ҳам, Сунъий интеллект ҳам. Ва буларнинг барчасини бир матнда жамлашга қодир ёзувчи ҳам бор.
1992 йилда Абдулҳамид Исмоил Ўзбекистонни тарк этганди. Унинг ҳаёти бошқа мамлакатда давом этди. Аммо унинг тили қолиб кетмади. У шеърлар, романлар ёзишда давом этди. Ўзбек адабиётидан таржималар қилди. Ўзбек тилини бошқа тилларга олиб чиқди. Қодирий билан суҳбатлашди. Чўлпоннинг овозини қайта эшиттирди. Навоий ва Ҳофизни XXI аср матнига олиб кирди. Интернетдан китоб учун янги макон ясади. Ғазални компьютер асрига олиб кирди.
Шу маънода Абдулҳамид Исмоил ижодини узлуксиз бир ҳаракат сифатида кўриш мумкин: Боғдан — чўлга. Шеърдан — ромaнга. Ватандан — муҳожиратга. Қодирийдан — хотирага. Китобдан — интернетга. Ғазалдан — сунъий интеллектга.
Аммо бу ҳаракатнинг марказида битта нарса ўзгармай қолади: сўз. Чунки ҳар бир давлатнинг ӯз чегараси бӯлади. Ҳаво, қуруқлик, сув йӯлларида назорат учун чегаралар ӯрнатилади. Таъқиқлар билан исталмаган кишиларга ҳам тӯсиқлар қӯйилади. Аммо сўз бошқа йўл топади. Китоб бошқа шаклда тарқалади. Шеър бошқа тилга таржима бўлади. Роман интернетда пайдо бўлади. Хотира бошқа авлодга кўчади.
Ёзувчи бир мамлакатга кира олмаслиги мумкин. Аммо унинг матни бошқа мамлакатда ўқилади. Шунинг учун Ҳамид Исмоил ҳақида гапирганда, ёзувчининг Ватанга қайта олмаганидан кўра, унинг адабиётга нимани олиб киргани муҳимроқ.
У бизга ўзбек адабиётининг бошқа бир харитасини кўрсатди. Бу харитада чегаралар бор, аммо улар давлат чегаралари эмас. У ерда хотиранинг чегараси бор. Тилнинг чегараси бор. Инсон тасаввурининг чегараси бор. Ва ҳар бир ҳақиқий адабиёт ана шу чегараларни яна бир қадам узоққа суради.
2016 йилда ёзувчининг “Жинлар базми” китоби илк бора Тошкентда чоп этилди. Орадан бир йил ӯтиб 2017 йилнинг 1-март куни нуфузли халқаро ҳайъат билан Ӯзбекистонга келган Абдулҳамид Исмоил Тошкент аэрапортидан орқага қайтариб юборилди. Машҳур ёзувчини мамлакатдан қувиб чиқарган ДХХ зобитлари унинг ӯз миллатдошлари эди.
Ва эҳтимол, бугун биз тушунишимиз керак бўлган энг муҳим ҳақиқат ҳам шу: Ёзувчининг Ватанга киришига чегара бор. Аммо адабиётнинг Ватанига чегара йўқ.
Бу жуда ғалати ҳолат: бир миллатнинг ёзувчиси ўша миллатдан ташқарида танилиши мумкин, аммо ўз уйида унинг асарларини ӯқиш имкони чекланган.
Шу ерда савол фақат Абдулҳамид Исмоил ҳақида эмас. Биз нега буюк фарзандларимизнинг қадрига етмаймиз?
Балким, бир кун Абдулҳамид Исмоил номи Ўзбекистонда таъқиқланганлар рӯйхатидан чиқарилади. У ӯзининг тарихий ватанига эмин- эркин келиб-кетади. У ҳолда ӯзбек адабиётида нима ўзгаради? Хорижда танилган ӯзбек ёзувчисининг ватанга қайтишидан унинг ӯзидан кӯра миллат, адабиёт манфаатдор эмасми?
Бу қайтиш ӯзгача бӯлади. Биз ёзувчи шахсияти ва ижоди билан қайтадан танишамиз. Унинг асарларини қайта ўқий бошлаймиз. Унинг Навоийни қандай севишини билиб оламиз. Қодирий сиймосини қандай яратганини ўрганамиз. Ўзбек адабиётини рус, инглиз ва бошқа тиллар билан яқинлаштириш йӯлларини таҳлил қиламиз. Ва эҳтимол, шу орқали ўзбек адабиётининг ўзига ҳам бошқача қарай бошлаймиз. Чунки баъзан адабиётни янгилаш учун янги ёзувчи эмас, адабиётга янги нигоҳ керак бўлади.
Юсуф Расул
