Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Ўтмишга кўмилган аёллар

“Ашъори нисвон” дан “Дориламон кунлар…”гача…
Мақоламизни бежиз шунақа номламадик. Энг дастлаб, бундан бир юзу ўн икки йил аввал, 1914 йилда шоир, маърифатпарвар жадид Иброҳим Даврон ўз давридаги аёл қаламкашларнинг ижод намуналарини тўплаб нашр этган ва бу эски араб имлосидаги китоб ҳозиргача сақланиб қолган. Иброҳим Даврон ким эди? У 1909 йилдаёқ “Туркистон вилоятининг газети”да ўзининг “Шоир надур?” деган мақола эълон қилган. Иброҳим Даврон Чўлпоннинг яқин ҳаммаслаги, дўсти бўлган.
Аспирантлик пайтимда устозим академик Азиз Қаюмов (1926-2018) мени ҳузурларига чақириб, 1914 йилда араб алифбосида чоп этилган ўша манбани бериб, “Адабий мерос” учун бир мақола тайёрлашимни айтганлар ва буни бажонидил бажаргандим. Бу “тамал тоши” эканми, кейинги йилларда бир неча шоира-адибаларимиз ижодини ёритишга тўғри келган. Мана ҳозир ҳам шу йўналишдаги иш билан бандман. Аммо бу борадаги ишни Т.Жалоловдан аввал Иброҳим Даврон зикр этилган китоби билан бошлаб берганлигини айтиб ўтаман.
Иброҳим Даврон китобга даставвал «Хотинлар ҳақида бир нутқ»мақоласини ёзиб, унда ўтмиш аёлларининг турмуш кечириш,аҳвол-руҳияти ҳақида куюниб ёзади: Бизда хотунларга ҳайвон муомаласи, баъзан аксар ҳайвонларга раво кўрилмамиш(суиистеъмоллар) буларга раво кўрилур. Эрларина жонсўз ва меҳрибон экан, икки, уч, турт, беш (балки) олти хотинлар олиб-да,тўнғич болаларини боқмаюб, ўгайлаб… қиз олиб бежурм ва бесабаб қўяверарлар. Хотинларнинг мулк-ашёларини алдаб олуб, бир бош, иккиоёк ила қолдириб, хўрлаб, дарбадар қон йиғлатиб ташлаб кетарлар…Ҳайф, тириклик. Во, хотинлар ҳолина… » (И. Даврон китоби, 1914, 3-б.).
Иброҳим Даврон ўзининг “Ашъори нисвон” ( “Аёллар шеърияти”,Ҳўқанд, 1914) китобида “жонсўз” зиёли сифатида ўша давр аёлларининг ижтимоий аҳволи, ҳуқуқсизлиги тўғрисида очиқ-ойдин ёзади ва бир неча аёл қаламлкашларнинг шеърий машқларини “ўзи ислоҳ этиб” китобига илова қилади. Ушбу нашр Марказий Осиёда аёл шоиралар ва уларнинг шеърлари ҳақидаги илк мажмуадир.
Замондан, аёлларга муносабатдан норози бўлиб ёзилган шеърларни ўқиб, аёлларнинг ўз “ҳолларини” англаб бораётганини кўриб, “булар Иброҳим Давроннинг хаёлий маҳсулими ёки ростдан ҳам тўртдевор ортидаги маҳзун хотунларнинг нолаларими?”, деб ҳайратга тушасиз. Ана шунда ҳозирги замонга қараб нафақат шоиралар, балки умуман мамлакатимиз аёллари учун “дориламон кунлар” келганига шукроналар айтасиз.
Иброҳим Давроннинг “Ашъори нисвон”тўпламидан сўнг ўтган асрда чоп этилган яна бир мажмуани эсламасак бўлмас. Бу — таниқли адабиётшунос олим, ёзувчи ва таржимон Тўхтасин Жалоловнинг «Ўзбек шоиралари» китобидир. Тўплам муаллифининг хотирлашича, бу масалада адиба Ойдин (Манзура Собирова) Тўхтасин Жалоловдан илтимос қилган ва таниқли адибанинг ўзи ҳам ушбу хайрли ишни амалга ошишига ёрдам берган эканлар.Т
.Жалолов йиллар давомида тарих саҳифаларидан дастлаб 1917 йилгача яшаб ижод этган 32 та шоирани топиб уларнинг шеърлари ва таржимаи ҳолларини эълон қилган. Ва бу китоб илк бор 1959 йилда нашр этилган энг машҳур ва ноёб тадқиқот китобларидан бири бўлган, дейиш мумкин. Бу асар ўз даврида ўзбек адабиёти тарихида аёл шоиру адибалар ижодини тизимли равишда излаб топиш ва халққа етказиш, буларни тарихга муҳрлаш йўлида катта қадам бўлган. Асарда Нодира, Увайсий, Маҳзуна, Дилшоди Барно, Анбар Отин, Жаҳон отин Увайсий билан бир қаторда, исмлари йўқолиб кетаётган Самар Бону каби ўнлаб мумтоз шоираларимизнинг шеърлари, ғазаллари ва табиийки, улар ҳақда маълумотлар ёзиб қолдирилган.
Бугун бу китоб аёллар ижоди борасидаги ноёб тарихий-адабий ҳодисага айланган. Ушбу нашрга устоз Ойбек сўзбоши ёзиб тадқиқотчининг ишини баланд баҳолаб шундай деган эканлар: «Тўхтасин Жалолов… ўзбек шоиралари тўғрисида ғоят муҳим асар ёзди. Бу ҳуқуқсиз, чексиз жафо кўрган мазлума шоираларнинг асарлари уларнинг бахтсиз тақдирлари бўронида йўқ бўлиб унутилиб кетган… Бу ғоят ажойиб воқеадир” .
Тўхтасин домла биргина Самарбону ижодини юзага чиқаришда саккиз йил тинмай ҳаракат қилганини бир суҳбатда айтиб ўтганлар.
Кейинчалик, адиб Т.Жалолов ўз изланишларини давом эттириб, ХХ аср (20-йиллардан кейинги) ўзбек шоираларидан 45 таси ҳақида ҳикоя қилувчи “Қизлар қасидаси” (1962) номли китобни дунёга келтирди.
Гап нимада? Ҳамма гап — шундай ўтмишимизнинг борлигида, яъни ўзбек аёллари нафақат саводли, ҳатто шеърлар ижод қилганлигида ва бу воқелик тарихимизни ва бугунимизни кўприк бўлиб боғлаб турганидадир. Нега ўзбекларда шоир кўплиги сабабини тушунгандай бўламиз.
Аслида ўтмиш дунё адабиёти тарихида ХХ асргача бўлган даврда аёл адибалар сони ўзи юздан салроқ ошади, холос. Ишонмайсизми? Мен қизиқиб кўрдим ва янги, қутлуғ “Дориломон кунлар келди…” ҳақида қисқароқ мақола ёзмоқчи эдим, масаланинг моҳияти кўламига шўнғиб, кенгроқ ва илмийроқ ёзишга киришдим. Дунё яралибдики, неча минглаб, балки неча юз минглаб таниқли-таниқсиз, шоҳу қаландар, бой-у гадо эркак адибу шоирлар, ёзувчилар, мутафаккирлар ўтди. Буларнинг ичида арзимас саноқдаги қисми аёллардир, десам ишонасизми? Ҳа, шундай.
Қомусий китобларни варақлаганда, энг қадимги даврда атоқли шоиралардан бири – Энхедуанна (милоддан аввалги XXIII аср). У Месопотамияда яшаган ва тарихда номи маълум бўлган илк муаллифа сифатида танилади. Унинг ибодат ва мадҳиялари сақланиб қолган. Антик даврдан Лесбос оролида яшаган Сафо (милоддан аввалги VI аср) исмли муҳаббат, гўзаллик ва инсон ҳиссиётларини куйлаган аёл ўтган. Кўпчилик олимлар бу шоирани (урғу – Г.Р.) лирик шеъриятнинг асосчиларидан бири деб ҳисоблайди.
Шарқда, ислом тамаддунида дастлабки шоира Робиа ал-Адавияни яхши биламиз. У VIII асрда араблар юртида яшаган. Робианинг шеърлари ва у тўғридаги ривоятлар илоҳий ишқ ва тасаввуф ғояларига бағишланган. Маҳсати Ганжавий эса XII асрда рубоийлари билан танилган экан. У Шарқ адабиётида аёл ижодкор овозининг илк ёрқин намояндаларидан бири бўлиб ҳисобланади. Европа, унинг Уйғониш даври бу борада ортда қолган, десак, хато қилмаймиз. Кристина де Пизан XV аср бошларида аёлларнинг илм ва жамиятдаги ўрнини ҳимоя қилган асарлар ёзган. Баъзи адабиётшунослар уни илк феминист муаллифлардан, деб баҳолайдилар. Кейингиси, Янги даврнинг XIX асрига қарасак. Инглиз адибаси Жейн Остиннинг (1775- 1817) асарларида инсон характери, оила ва жамият муносабатлари тасвирланган. Америкалик Эмили Дикинсон (1830-1886) ҳам қисқа, аммо фалсафий ва рамзларга бой шеърлари билан машҳур бўлганини айтиш мумкин. Бу ёғи XX аср адабиёти тарихи.
Бу даврга келиб рус адабиётида шоира Анна Ахматова(1889-1966) руҳий изтироб, муҳаббат ва тарихий фожиаларни кучли бадиий образларда ифодалаган шоира сифатида дунё саҳнасига чиқди. Марина Цветаева (1892-1941) ҳам XX асрнинг энг кучли лирик ижодкорларидан бири сифатида баҳоланади. Виржиния Вулф (1882-1941) эса замонавий роман санъати тараққиётига катта таъсир кўрсатганлардан бири, деб ҳисобланади.
Туркий ва жумладан ўзбек адабиётини яхшироқ билганимиздан шоиралар сони назаримизда кўпроқ бўлиб туюлади. Биз учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган шоиралар: Нодира, Увайсий, Гулбаданбегим, Зебунисо, Анбар Отин, Зулфияхоним. Албатта, дунё бўйича бу рўйхат тўлиқ эмасдир, айниқса айрим шарқ мамлакатлари (Хитой, Ҳиндистон, Япония) ҳисобга олинмаганини айтсак. Аммо бир неча минг йил ичида бу сон икки баробар оширилганда ҳам эркакларга нисбатан аёлларнинг адабиётдаги ўрнини (худди жамиятдаги каби) у қадарлар юқорига олиб чиқолмайди. Менинг “Коинотнинг ярмидир — Аёл” номли фейсбук саҳифамда бор бундай маълумотлар.
Чиндан ҳам, аёл коинотнинг ярми бўлса-да, неча минг йилликлар ичида энди дунёнинг чорагига даъвогар бўлиб турибди. Ва айтиш мумкинки, дориламон кунлар бутунжаҳон аёллари учун аёллик эрки, она ҳуқуқи сифатида кириб келган. Ва, табиийки, ХХ асрга келиб, худди фан-технологияларга уйқаш равишда аёл ижодкорлар сони аввалги минг йилликдагидан кўра, дунёда бир неча юз баравар ўсди. Улар инсон ички руҳий кечинмаларининг нозик тасвирларини беришдан бошқа яна оила ва жамият, онг-руҳ муносабатларининг янгича ракурсдан, яъни аёл нигоҳи билан кузатиш мумкин ва зарурлигини исботлашди. Муҳаббат, озодлик ва инсон қадри ҳақидаги ўзига хос фалсафани бадиий йўсинда кўрсата олди. Қизиғи шундаки, дунё, шарқ адабиёти тарихида баъзан аёл образлари эркак шоирлар ижодида устун ва ҳатто ёр, маъбуда даражасида (ҳинд, умуман шарқ шеъриятида) ифодаланган бўлса, анъанавий йўлдан борган аёл шоиралар эса бевосита ўз қалбини қўшиб тасвир этган, дейиш мумкин. Бу кўп тадқиқ этилгандир.
Умуман, олиб қаралганда, аёллар ижоди фақат шеър ёки наср эмас, балки тарихий ўтмишда ҳам жамият, маданият ва инсон руҳиятини англашнинг алоҳида манбаси бўлиб келганлиги сир эмас. Ва бу тарихий йўл аёл ижодкорларимиз учун осон кечмаган. Ҳар бир муайян шоираю адибанинг ўзини топишга интилиб ижодга чоғланиши уларнинг ўз кўнгил қатидаги изтиробидир, изтироблар кўнгил қатларида қолгусидир. Нафақат ғарб, шарқ адабиётида кейинги бир асрда, адиба-шоиралар ўрни салмоқли неча ўнлаб баробар ошгани ҳолда, ХХ асрда ўзбек адабиётимизда ҳам улар сони устун даражада кўпайди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида, муассаса ташкил этилгандан буён ўтган деярли саксон-тўқсон йил ичида тўрт юздан анчагина зиёд шоира ва ёзувчи аёллар рўйхатдан ўтган экан.
Демак, биз қутлаётган нашр Ёзувчилар уюшмаси томонидан чоп этилган (“Дориламон кунлар келди”. Ўзбек шоиралари ва адибалари баёзи. (Тошкент, 2026) тӯплами қутлуғ бир ҳисобот китоби ҳамдир. Беш олиму шоирнинг (йигитларимизнинг) сўзбошиси билан чиққан мажмуада 150 тага яқин шоираю адибанинг суврати, қисқагина “ҳасб-у ҳол”и ва асарлари берилган. Қизиғи ва адолатлиги шундаки, барча – ўтган ва ҳозир ҳаёт, ёши каттаю кичикларга — тенг саҳифа ажратилибди. Адибалар учун бироз кўпроқдир, балки. Хронологик тартиб (яъни, кетма-кетликда табиийлик – ёшга ҳурмат-иззат билан эътибор) берилгани ҳам жойида ва ўта адолатли. Бу бош ташкилотчиларнинг фазилати билан боғлиқдир – мезонни ушлаш осонмас.
Бу китоб ўзбек адабиёти тарихи учун улуғ ва қутлуғ воқелик. Китоб ҳажм жиҳатдан катта, салмоқдор, саҳифалар (712 бет) сони– ҳадди аълосида. Дизайн замонавий, минимализм талабидан ошиб кетмаган, ортиқча чизиқ йўқ. Айнан атласнинг жозибадор рамзи китобга ўзгача салобат бериб, сатрлар кимга тегишлилиги ҳақида хабар бераётгандек. Қуёшнинг чиқиб келиши аломати жуда файзли, айнан Ўрта Осиё шарқи аёлларининг кечмишига хос – юз йилларки, бу минтақанинг аёллари мактабга, дорилфунунга ошно, уларнинг кўнгли — адабиётга ошён.
Номланишида ҳам маъно – серҳосил. “Дор ул-омон” – арабча- сўзи асли “уруш бўлмаган жой – тинчлик уйи” маъносида келган. Аммо у ўзбекчада ўзгача жаранглайди. Гўё узоқ вақт кутиб орзули кунларга етишдек чуқур мазмун касб этади. Гўё узун қишдан кейин келган баҳор гулларини кўзга сураётган Она… Ахир, ўша шоира, ўша шеър, ўша образ бизнинг сўзимизга учқурлик, қалбимизга оппоқ тонг тимсолини берган…
Кўпинча, тўплам, альманахлар бир ижодкор ҳақида тўла тасаввур беролмайди. Ушбу китобни ўқиб, учта ёки тўрттагина шеър, (ёки бирор ҳикоя) ўз ижодкори ҳақида денгиздан томчидек мужассам тасаввур бера олишига ишондим. Бунинг учун гўзал ва дидли танлов етарли экан. Масалан, бир ўтган шоирамизни ростгўй, жасур шоира, деб билардим, унинг айнан шу жиҳатларини намоён этган мисралари замондан «тап тортмай» танланибди.
Адибаларимиз асарлари ҳақида ҳам шундай дея оламан. Ҳар бир ижодкор аёлнинг ўзига хос порлаган қирраси “ялт” этиб кўзга ташланиб ўтади. Китоб мириқиб ўқилади ва яна соғинилиб қўлга олинади, қайта ва қайта… Бундай китобни нашр этган уюшма, қолаверса, мамлакат шарафларга лойиқ.
Аёлларга қасида даражасида бўлган китоб таърифининг ўзи ва шу борадаги сўзлар билан гапим деярли якунига етай, деб қолибди. Мен ҳам китобдаги гўзал таомилга – адолат мезонларига риоя қилиб, фамилиялар ҳақида гапирмадим. Унда монография бўлиб кетарди мақолам. Бу китоб ҳақида яна кўп ёзилишига, мулоҳазалар айтилишига ҳам, бошланган китоб нашри анъанаси давом этишига ҳам иймонимиз комил.
Гулшан Раҳим,
Филология фанлари номзоди.
26.09.26.
