Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
“Бирлик” Партияси раҳарияти мажлисининг қарорларидан кўчирмалар
Маълумки, шу йил 17 август куни Тошкентда “Бирлик” Партияси Марказий Кенгаши Ҳайъатининг вилоят ташкилотлари раислари иштирокидаги кенгайтирилган мажлиси ўтказилганди. Мажлисдаги асосий масала йил охирида бўладиган президент сайловига тайёрланиш бўлган.
Бугун партия Бош Котиби Васила Инятдан олинган маълумотга кўра, мажлис протоколидаги қарорлар қўйидагилардир:
1. Партия Мараказий Кенгаши 2006 йил 1 июль ва 11 ноябрдаги қарорларида келаётган президент сайловида мухолифат якка умумий номзод билан қатнашиши кераклигини урғулаб, умумий номзодликка “Бирлик”нинг номзоди сифатида партия раисини кўрсатишига қарамасдан, бошқа сиёсий партиялар бу йўналишда ҳозиргача ҳеч қандай одим отмаганлари сабабли, “Бирлик” Партияси ўз номзоди билан президент сайловида иштирок этиш учун ҳаракатини давом эттиради.
2. Бутун уринишларга қарамасдан, Адлия вазирлиги “Бирлик” Партиясини рўйхатдан ўтказишни пайсалга солиб келаётгани сабабли, партиянинг номзоди Ўзбекистон қонунлари доирасида Сайловчиларнинг Ташаббускор Гуруҳи номидан мустақил номзод сифатида кўрсатилсин.
3. Сайловчиларнинг 300 кишилик ташаббукор гуруҳи мажлисини Ўзбекистон қонунларига уйғун шаклда Тошкент шаҳрида ўтказишни таъминлаш учун бугунги мажлис қатнашчиларидан иборат Ташкилий Қўмита уюштирилсин, Қўмита раиси этиб Ҳайитбой Абдуллаев тайинлансин.
4. Сайловчиларнинг Ташаббускор Гуруҳи мажлисида қатнашадиган ҳар бир вилоятдан 40 нафар сайловчининг рўйхатини тайёрлаш партиянинг вилоят ташкилотлари раисларига топширилсин. Бу рўйхатлар биринчи навбатда “Бирлик” ва бошқа демократик партия фаоллари, демократик ташкилотларнинг вакиллари ҳамда демократик руҳдаги кишилардан иборат бўлиши мақсадга мувофиқ эканлигига эътибор берилсин.
5. Партиянинг сайлов олди кампаниясини ўтказиш ва уни координация қилиш маъсулияти партия раисининг ташкилий ишлар бўйича ўринбосари Исмоил Дадажонга топширилсин.
6. Партия рўйхатга олинмагани, унинг бир қатор раҳбарлари юрт ташқарисида яшашга мажбур бўлаётгани ва оператив алоқалар осон бўлмагани сабабли, фаолият давомида баъзи чалкашликлар чиқаётганини ва партия раисининг 6 нафар ўринбосари (Ташкилий ишлар ва кадрлар масаласи бўйича — И.Дадажон; Ташқи алоқалар бўйича — П. Охун; Фарғона водийси бўйича — Ҳ.Сулаймон; Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари бўйича — Д.Ташанов; Самарқанд, Жиззах, Навоий вилоятлари бўйича — Х.Ғаниев; Бухоро, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси бўйича — Ҳ.Ёқубов) борлигини ҳисобга олиб, ҳар бир ўринбосар ўз ваколатлари доирасида ишлашига эътибор берилсан, бошқа ўринбосарга оид соҳада бирон иш қилиш лозим бўлган ҳолларда, у соҳага маъсул бўлган ўринбосар билан маслаҳатлашиш мажбурий деб ҳисоблансин.
