Инспекторга ишончсизлик билдириш мумкин. Ҳокимга-чи?

Ўзбекистонда профилактика инспекторларининг халқ олдидаги ҳисобдорлигини кучайтиришга қаратилган янги қонун лойиҳаси таклиф қилинди. Унга кўра, профилактика инспектори ҳар чоракда маҳалла аҳолиси олдида ҳисобот беради. Агар аҳоли унинг фаолиятидан норози бўлса, унга нисбатан ишончсизлик билдириш имконияти ҳам назарда тутилмоқда.

Менинг принципим доимо бир хил: ҳокимиятнинг халқ ва мамлакат манфаати йўлидаги тўғри қадамларини қўллаб-қувватлаш, камчиликларини эса очиқ айтиш.

Шу нуқтаи назардан, мен бу ташаббусни қўллаб-қувватлайман. Бу — тўғри ва муҳим қадам.

Чунки давлат хизматчиси фақат юқоридаги раҳбари олдида эмас, халқ олдида ҳам ҳисобдор бўлиши керак. Фуқароларга давлат вакили фаолиятига баҳо бериш имкониятининг берилиши жамоатчилик назоратини кучайтиради.

Энди бу яхши тажрибани янада кенгайтириш керак.

Агар маҳалла аҳолиси профилактика инспекторига ишончсизлик билдириш ҳуқуқига эга бўлса, нега келажакда туман ва шаҳар аҳолисига ҳам ўз ҳокимининг фаолиятига бевосита баҳо бериш имкониятини бермаслик керак?

Менимча, кейинги катта қадам: ҳокимларни халқ томонидан сайлаш тизимига босқичма-босқич ўтиш бўлиши керак.

Шунда ҳоким фақат уни тайинлаган юқори раҳбарга эмас, уни сайлаган халққа ҳам ҳисобдор бўлади.

Бугун профилактика инспекторидан бошланаётган халқ олдидаги ҳисобдорлик эртага бутун маҳаллий давлат бошқарувининг асосий тамойилига айланиши керак.

Тўғри ислоҳотни қўллаб-қувватлаш керак. Ва тўғри ислоҳотнинг давомини ҳам талаб қилиш керак.

Пўлат Ахунов
Ўзбекистон «Бирлик» халқ ҳаракати партияси етакчиси,
Association Central Asia жамиятининг раиси

https://kun.uz/news/2026/08/26/mahalla-aholisi-profilaktika-inspektoriga-ishonchsizlik-bildirishi-mumkin-boladi?fbclid=IwdGRleAUoKcdleHRuA2FlbQIxMQBwZG9mBWZkaWQWUPXFv1vD6Iw6xvFEDHV12xSYo1ppeHNydGMGYXBwX2lkCjY2Mjg1NjgzNzkAAR7qyqBoHgdkLsqL_P5wZWJLFJWSnxbLcxUF3W_OXUlrl_Dw5PN-v9t5QH0dIQ_aem_3A0caHamf72S954MmjS7Pg