Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Кечаги “бирлик”чи, асли “эзгулик“чи, бугун ХДПчи ҳам
Инқилобий замонларда, умуман турли ўтиш жараёнларида уддаброн одамлар давр суриб қолишга интиладилар. Бу тарихдан маълум бўлган ҳақиқат. Ўтган асрнинг коммунистик инқилобидан кейин турли туман Остап Бендерлар чиқишди, қайтиа қуриш йиллари дунёдаги энг маълумотли ҳисобанмиш Совет халқини Кашпировский аҳмоқ қилиб юрди.
Бугунимиз ҳам бундай воқеалардан холис эмас. Уч киши “Қуёшли Ўзбекистон” тузиб, оламшумул воқеа каби дунёга жар солишга интилишганини кўпчилик ўқувчиларимиз билишади. Бундан кейин бўлиб ўтган жараёнларга ҳали тўла баҳо бериш қийин, бу ердаги мақсадимиз ҳам баҳо бериш эмас, уларга ёндошишда объективлик лозимлигини таъкидлаш ва янги бир воқеа хусусида хабар бериш.
Ўзбекистон Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш “Эзгулик“ жамиятининг Тошкент шаҳар бўлими раҳбари, бир йилча аввал “Бирлик” партиясига ҳам аъзо бўлганлигини эълон қилган Суҳроб Исмоилов ўзини сўл партия деб атаётган Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ЎзХДП) “Истиқбол“ ёшлар қанотининг 15 март куни Тошкентда бўлган республика таъсис конференциясида унинг раиси этиб сайланди.
ЎзХДП газетаси — “O’zbekiston ovozi“ нинг хабарига кўра, таъсис конференциясида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан сайланган делегатлар, ЎзХДП раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва бошқалар қатнашган. Тасис конференцияси қатнашчилари “муҳтарам юртбошилари айтганларидек, мамлакатимиз ва унинг атрофида содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга доимий даҳлдорлик ҳисси билан яшашлари даркор“лиги тўғрисида Ўзбекистон ёшларига мурожаат қабул қилишган. Улар Сенатнннг янги раиси Илгизар Собиров ва Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари қабулида, шунингдек, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясида бўлганлар.
Энди кузатиб бориш керак, Суҳроб шoввоз ХДПни инсон ҳуқуқларини ҳурмат қиладиган демократик партияга айлантиришга хизмат қиладими, ёки “Эзгулик”ни диктатурага мослаштиришгами? Ёки Ўзбекистоннинг масхарабозликка айланган расмий сиёсий саҳнасида шунчаки ўзига жой қидирадими? Бунинг охири нима бўлиши жуда қизиқ.
