Абдураҳим Пўлат: Ҳа, мухолифатни бирлаштириш керак

Киевда яшаётган ўзбекларнинг, хусусан «Бирлик» фаолларининг мухолифатни бирлаштириш ҳақидаги таклифлари жуда тўғри. Биз бу хусусда Исмоил Дадажон билан сўнгги кунларда ҳам кўп марта гаплашганмиз.

Биринчидан, бу ишнинг осон эмаслигини тан олишга мажбурмиз. Бу иш осон бўлганда эди, рус мухолифати ва ёки Озарбайжон мухолифати аллақачон бирлашган бўларди. Лекин тарихдан мисоллар кўрсатадики, агар хоҳиш бўлса, оғир ишни ҳам бажариш мумкин. Масалан, Ироқ билан Эрон БМТ вакилларининг воситасида бошқа бошқа хоналарда ўтириб гаплашишга бошлаб, ниҳоят келишишгани, ёки шу кунларда Ғарб давлатлари жуда ҳам шошмасдан иш олиб бориб, охир оқибатда Россия ва Хитойни Эроннинг ядровий амбицияларига қарши чиқишга рози қилганлари каби. Биз ҳам, қанчалик оғир ва узоқ бўлмасин, шу сингари усулларга таянишимиз керак.

Иккинчидан. Бундан 3-4 йил аввал «Эрк» партиясининг Қашқадарёлик фаоллари айнан шундай таклиф билан чиқишганда, партия рахбарияти уларга қулоқ солмади, натижада партия бўлиниб кетди. Бирлашиш ташаббусчилари «Бирлик» Партиясига қўшилишга мажбур бўлишди. Биз ҳозир бу партияни яна бўлинишга ундаётгандек бўлиб қолмайлик.

Учинчидан. «Давра Кенгаши» ҳамма мухолифат ташкилотлари ва ҳуқуқ ҳимоячиларини, яъни, ҳақиқатда ҳаммани бирлаштирган эди. Ҳали ҳам бўлса, унинг фаолиятини жонлантириш йўлидан кетсак ёмон бўлмайди. Масалан, унга кирувчи ҳамма ташкилотларнинг биринчи раҳбарлари умумий баёнот билан чиқиб, унинг фаолиятни бошқаришни ўз қўлларига олишларини эълон қилсалар ва «Раислар Кенгаши» каби орган яратсалар, ишлар тезроқ олдинга кетиши муқаррар.

Бошқа жиддий таклифлар бўлса, уларни ҳам муҳокама қилиш керак.