Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
“Бирлик“чи аёл Ўзбекистонни тарк этди
“Бирлик“ партиясининг Андижон воқеалари тўғрисидаги баёнотини тарқатишда айбланиб, қамоққа ташланган ва охир-оқибат суднинг шартли жазо ҳукми билан озодликка чиқарилган партия фаоллари — Мусажон Бобожонов, Акбартой Орипов ва Нурмуҳаммад Азизовнинг “иши“ ҳали тугатилмаган кўринади. Йўқса, Андижон вилоятидаги Марҳамат туманида яшовчи Анорхон Ҳамдамова 18 апрель куни Миллий Хавфсизлик Хизматининг туман бўлимига чақирилиб, ундан мазкур “бирлик“чиларга қарши кўрсатма бериш талаб қилинмаган бўларди.
Гап шундаки, Марҳамат шаҳридаги мактаблардан бирининг ўқитувчиси бўлган А.Ҳамдамова ҳам “бирлик“чи. У М.Бобожонов, А.Орипов ва Н.Азизовни яхши билади, 2004 йилда Ўзбекистон Олий Мажлисига ўтказилган сайловларда депутатликка М.Бобожонов номзодини олға сурган Ташаббускор гуруҳнинг ваколатли вакили бўлган.
МХХда сешанба куни А.Ҳамдамова тирноқ остидан кир қидиргандек сўроққа тутилган, унга жиноий иш очиш билан таҳдид қилинган. Масалан, махсус хизмат ходимининг иддаосича, эмишки, бундан деярли 2 йил аввалги ўша Ташаббускор гуруҳ мажлиси туман ҳокимлигининг рухсатисиз ўтказилган, унда қатнашганлар сони гўё сохталаштирилган бўлиб, бунга А.Ҳамдамова жиноий жавобгар экан.
Хуллас, ҳаммаслакларига қарши кўрсатма беришдан ва шу ҳақдаги баённомани имзолашдан бош тортган, 3 нафар ёш фарзандларнинг онаси А.Ҳамдамова кеча, 20 апрелда МХХнинг Марҳамат тумани бўлимига қайта сўроққа бориш ўрнига, ўз бошида туғилган қамалиш хавфи туфайли оиласини ташлаб, Ватанни тарк этишга мажбур бўлди. У, “Ҳаракат“ мухбирининг Ўш шаҳридан олган хабарига кўра, бу ерда БМТнинг Қочоқлар иши бўйича ваколатхонасига қочқинлик мақоми берилишини сўраб мурожаат қилган.
