Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Ўшда “Жанбуй Давра кенгаши”нинг мажлиси ўтказилди
Ўзбекистон мухолифат партиялари ва ҳуқуқ ҳимоячиси жамиятлари«Давра кенгаши»нинг жанубий минтақа ташкилоти — “Жанбуй Давра кенгаши” бугун Ўшда навбатдаги йиғилишини ўтказди. Унда “Давра Кенгашининг” ижрочи координатори, “Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари Пўлат Охун, “Эрк” партияси Андижон вилояти ва Қўқон шаҳри ташкилотларининг раислари Исроил Холдоров ва Абдужалил Рустамов (у “Жанбуй Давра кенгаши”нинг раҳбари ҳам), “Озод деҳқонлар” партияси Жиззах ташкилоти раиси Жамшид Мухторов, шоира Анорхон Ҳамдамова ва бошқалар (жами 15 киши) қатнашди.
Кун тартибида асосан 2 масала бор эди. Булар – келаётган президент сайловларига тайёрланиш ва “Жанбуй Давра кенгаши” фаолиятини жонлантириш.
Қизғин муҳокамалардан сўнгра, 2007 йил президентлик сайловларида умумий номзод билан чиқиш ғояси бир оғиздан қабул қилинди. Сиёсий партияларнинг раисларига алоҳида мурожаат қилиниб, улардан бу муҳим масалада дарҳол келишиш талаб қилинди.
Қабул қилинган бошқа бир қарорда, “Жанбуй Давра кенгаши” мухолифат ташкилотларини бирлаштирувчи ягона структура деб эътироф этилди. Бу борада Миллий нажот қўмитаси (МНК) ҳам тилга олинди. Йиғилиш қатнашчилари бу органнинг программасидаги энг камида бир модда, яъни сайловларнинг Ўзбекистон конституциясига кўра Марказий Сайлов Комиссияси эмас, МНК томонидан чақирилиши ҳақидаги модда очиқдан-очиқ антиконституцион бўлгани сабабли, бу масалага очиқлик киритлмагунича, у билан ҳамкорликни тўхтатиб туришга келишдилар.
Исрои Холдоров бир неча кун аввал, яъни 29 май куни баъзи сайтларда МНКнинг Қирғизистон бўлими номидан тарқатилган “Эртага кеч бўлади” номли Чақриқда “М.Солих Муваққат ҳукумат бошлиғи қилиб тайинланиши назарда тутилиши” каби моддалар антиконституцион бўлгани сабабли, уни бекор қилинганини билдирди ва бундай ўйламасадан қилинган Чақириқ тарқатилгани учун кечирим сўради, бу Чақириқни эълон қилган сайтлардан уни олиб ташлашни сўради.
Исроил Холдоровнинг охирги эътирофлари жуда муҳим, деб изоҳ беради мухбиримиз. Маълумки 1992 йили Миллий Мажлис тузиш ғояси остида шунга ўхшаб қилинган ақлсиз ишлар натижасида бир неча мухолифатчи бир неча йилга қамалиб ҳам чиққан эди. “Ўйламасдан ёзилган ва бундан ҳам муҳими, ҳеч қандай фойдаси бўлмаган бир популистик қоғоз учун яна бир неча кишининг бекорга қамалишини олдини олиш лозим” дея Ўшдаги мухолифатчиларга махсус телефон қилган “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлатнинг фикри инобатга олингани мақтовга сазовордир.
