Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Абдураҳим Пўлат: Бизни миллат бўлишга чорлайдиган дадахонлар борми, демак, биз миллатмиз!
Бундан бир неча ой аввал “Ҳаракат” сайтига тарихий “Можара” фильмини қўйиш учун тайёрланаётганимизда, унга кириш сўзи сифатида “Миллат фидойилари билан “бошқалар” ўртасидаги МОЖАРА” номли лавҳани ёзгандим ва уни “Ичимизда исмини ҳам билмадигимиз отахонлар, бизни миллат бўлишга чорлайдиган дадахонлар борми, демак, биз миллатмиз!” деган сўзлар билан тамомлагандим.
Ҳақиқатдан ҳам Дадахон ака мустақиллик ва ҳурриятга чорловчи қўшиқлари билан миллатимизни мустақиллик ва ҳуррият жангига чорлашди мисли кўрилмаган катта ҳисса қўшган одам ва шу сифати билан тарихимизда қолади.
“Бирлик” халқ ҳаракатини тузиш қарори шу инсоннинг уйида қабул қилингани қанчалик рамзий маъно ташишини ақли расо одамга ортиқа тушунтиришнинг ҳам кераги йўқ. “Бирлик” тузилгандан кейин Дадахон ака сиёсатчига айланди, аслида ҳали ҳам давом этаётган бу курашда ҳаммамиз каби хатоларга йўл қўйди. Бутун вужуди билан мустақилликка интилганлигит туфайли 1991 йили 31 августда муcтақиллик эълон қилингандан кейин “Эрк”чилар билан ҳамовоз бўлиб, режимга қарши курашни тўхтаиш лозимлигини шахсан менга ҳам гапиргандилар. “Айбсиз парвардигордир” деганларидек, бу каби хатоларни кўпчилик одам қилган ва қилиши мумкин. Аммо, муҳим бўлгани, Дадахон ака ҳеч қачон ўз ишончлари, ўз миллатларига хоинлик қилмадилар. Ҳали ҳам миллатимизни тўла ҳурриятга қовиштириш учун ўз йўллари билан курашни давом эттирмоқдалар.
Мен бугун Дадахон ака билан телефонда гаплашиб, эртaга устиларидан бошланадиган суд жараёни муносабати билан суҳбатлашдим. Шу кунларда “Можара” фильмини қайта кўриб, Дадахон аканинг қўшиғидаги «Қўшил бизнинг сафларга эй! Майли кетсин жон энди!» сўзлари остида Тошкентнинг кўча-майдонларини тўлдириб кетаётган ҳақиқий миллат фарзандларини кўриб кўзимга ёш келганини, ахир бир кун бу кадрларни бутун миллатимиз ҳам кўражагини ва ўз қаҳрамонлари ким эканлигини, Дадахон ака бу курашда қандай роль ўйнаганини тўғри баҳолашини айтдим, тарих саҳифаларида “Дадахон Ҳасан даврида Ислом Каримов деган президент бор эди деб” бугунги режимбошини ҳам эслаб юришса керак дедим, бироз кулишдик. Миллатнинг ҳуррияти учун кураш давом этаётгани, эртага бошланадиган суд жараёни ҳам шу курашнинг бир парчаси деган фикрда тўхтадик.
Суҳбат чоғида “Можара” фильми билан боғлиқ бир воқеани айтиб бердим. Бундан бир неча йил аввал Фарғона вилоятининг собиқ прокурори, кейинчалик бу вилоят ҳокимининг ўринбосари ҳам бўлиб ишлаган Авазхон Мухторов билан АҚШда қўшни бўлиб яшардик. Бир куни у киши “Можара” фильмини мендан олиб ўзи тамоша қилган ва уни Европа системасидан АҚШ системасига ўтказиб берганди. Фильмни қайтариб берар экан у киши шундай деди: “Бу фильмни сайтга қўйманглар. Мен ҳам кўп қатори “Бирлик” ва “Эрк” орасидаги салбий муносабатлар икки лидернинг шахсий адоватларига асосланган деган гапларни кўп эшитгандим ва умуман олганда ҳақиқат шундай деб билардим. Аммо, фильмни кўрган ҳар қандай одам Салойнинг қип-қизил сотқинлигини тушунади, ундан кейин мухолифатни бирлаштиришни уйламаслик ҳам мумкин, у билан фақат ўзи каби сотқинлар бирлашиши мумкин”.
Шу воқеани айтиб бўлгач, Дадахон акага мурожаат қилдим: “Ўша фильмни анчадан бери кўрмаган бўлсангиз керак. Замон ўтиши билан одамлар кўп нарсани унутадилар, эски воқеаларни бошқача таърифлашга ҳам тушадилар. Бу табиий нарса. Шу сабабали, Сиз билан биз ўша кунги воқеалар тўғрисида гапирганда, улар фильмга олинганини унутмасак яхши бўлади. Умумий дўстимиз Абдулазиз Маҳмудовнинг фильмида Сизнинг қўшиқларингиз остида муҳташам митинларни кўрсатувчи кадрлар қаторида “Бирлик”нинг бўлиниш мажлиси ва у мажлисда Салой Мадаминовнинг “митинг қилиш кўча чангитиш, биз бунинг ўрнига ҳукумат билан ҳамкорлик қиламиз” деган сўзларини кўрсатувчи кадрлар ҳам бор. Гап коммунистик ҳукумат тўғрисида кетмoқда эди. У кадрларни ҳеч ким йўқ қилолмайди. Шу сабабли, ўша кунги воқеаларни эсламоқчи бўлсак, уларга баҳо бермоқчи бўлсак, “Бирлик”нинг мағлубияти хоинлик натижаси эканлигини яширганимиз билан фойдаси йўқ”.
Суҳбатимиз охирида Дадахон акага: “Бардам бўлинг. Аввало Оллоҳ ёрдамчингиз бўлсин. Эртага суд бўлаётганда шуни унутмангки, биз ҳамма бирликчилар Сизнинг олдингиздамиз, руҳан Сиз билан биргамиз. Суд қандай қарор бермасин, бу — мавжуд режимнинг мағлубияти, биз билан Сизнинг ғалабамиздир”, дедим.
