Ўзбекистон демократик партиясининг баёноти

Партиянинг Ташаббус гуруҳи 1990 йил 20 апрелда тузилган бўлиб, у СССР Конституциясидаги яккапартияликни қонунлаштирувчи модда йўқ қилиниши муносабати билан Ўзбекистонда биринчи демократик руҳдаги мухолифат партиясини яратиш учун ҳаракат бошлаган. Партиянинг Таъсис Қурултойи ўша йили 20 июнда ўтказилган ва у ўзини “Бирлик” халқ ҳаракати таркибида эканлигини эълон қилган.

1991 йилнинг бошидан партиянинг расмий органи бўлмиш “Демократик Ўзбекистон” газетаси нашр этилади. Унинг биринчи сонида Абдураҳим Пўлатнинг машҳур “Ўзбекистон мустақил диктатура бўсағасида” номли мақоласи чоп этилганди.

Ўзбекистон мустақил бўлиб “Ўзбекистон коммунистик партияси” шошилингч равишда ўз номини ўзгартириш ниятида бўлган кунлари Каримов Туркаманистонда каби ўз партиясининг номини “Ўзбекистон демократик партияси” деб атамоқчи бўлганини биламиз. Лекин бундай ном остида бизнинг партия борлиги сабабли, у ўзи учун шармандали равишда битиши муқаррар бўлган ортиқча тортишувлардан қўрқиб, партиясини “Ўзбекистон Халқ демократик партияси” деб атаган.

Бизнинг партия қатағон йилларидаги оғир шароитга қарамасдан бор ва фаолиятини давом эттирмоқда, “Давра кенгашига” кирувчи партия сифатидаги бугунги мақсадимиз Ўзбекистонда демократиянинг ғалабаси учун курашмоқ. Биз ўз ғалабамизга ишонамиз. Шу кунларда “Давра кенгаши” доирасида келаётган президенлик сайловларида қатнашиш учун тайёргарлик кўрмоқдамиз. Яқин замонда ўз сайтимизга эга бўламиз, “Демократик Ўзбекистон” газетасини чиқаришни давом эттирамиз.

Маълум бўлишича, бундан бир муддат муқаддам, турли сабаблар билан юрт ташқарисига чиқиб кетган 3-4 киши, Фарғона вилоятининг собиқ ҳоким ўринбосари, Ватан ва халққа қарши қилган жиноятлари туфайли жазоланиши керак бўлган Авазхон Мухторов бошчилигида бизнинг партия номи остида сиёсий ташкилот тузганларини эълон қилибдилар.

Бу қоғоздагина бор бўлган ташкилот бир маҳаллар “Бирлик”ни Каримовга сотиш билан машҳур бўлиб қолган бир тўда собиқ эркчиларга қўшилиб юргани ҳам бизга маълум бўлди.

Ўзбекистон демократик партияси у сафсатабозлардан партиямиз номини ишлатмасликни талаб қилади. Акс ҳолда, у коғоздаги партия лидерлигига даъво қилаётган катта ўғри Авазхон Мухторовнинг кирдикорларини очиш билан ҳам шуғулланишга мажбур бўламиз.

Ўзбекистон демократик партиясининг
Марказий кенгаши,
Тошкент, 10 август 2006 йил