Абдураҳим Пўлат: Кураш қурбонсиз бўлмайди, аммо Баҳром қурбон эмас

“Ҳаракат” журналининг Россиядаги вакили Бахром Ҳамроевни кўпчилик таниса керак. Россиядаги демократик доиралар уни нафақат журналнинг, балки “Бирлик”нинг у ердаги вакили сифатида ҳам кўришади. Норасмий доираларда масаланинг расмий тарафи, яъни Бахром Россия фуқароси сифатида Ўзбекистондаги партиянинг вакили бўлолмаслигига кўз юмилади. Бу табиий нарса. Аммо, масала расмий савияга келиши биланоқ, бундай нарсалар асосий нуқтага айланади. Яқинда Баҳром “Бирлик” Партиясидаги аъзолигини тўхтатиши ҳақида гап-сўзлар ўртага чиққач, биз дарҳол масалага расмий ёндошиб, бу каби спекуляцияларни тўхтатишга эришгандик.

Шу кунларда туркманларнинг қандайдир бир сайтида яна Баҳромнинг номи аралашган баёнотлар чиққани маълум бўлди. Менга мурожаат қилган бир қатор сафдошларимиз, Бахром диний партия ва ҳаракатлар билан бирлашиш ғоясини анчадан бери олға суришга интилаётганини айтиб, “Ҳизб-ут-Таҳрир”чилар билан ўралашиб қолгани сабабли, у билан алоқаларни тезда узишни истадилар. Мен бу масалада бироз бошқача фикрдаман.

Бахром узоқ замондан бери сафдошимиз. Тўғри, бу курашда ҳар доим қурбонлар бўлган. Шовруқ Рўзимуродов каби дўстларимизнинг ваҳшийларча ўлдирилиши, бир қатор сафдошларимизнинг Каримов томонига ўтиб кетиши ва бошқалар. Бахром диний фанатиклар тарафдори бўлиб қолса, бу ҳам биз учун йўқотиш, аммо, ҳар бир дўстимизнинг тақдири учун охиригача курашишимиз керак, биз уни дарҳол қурбонлар рўйхатига қўшмаймиз.

Шу мақсадда, мен бугун Бахром билан телефонда гаплашдим. Унинг “курашни Ўзбекистон ичидан қўшни давлатларга ўтказиш” хусусидаги таклифи ўта мантиқсиз эканлиги, диний партия ва ҳаракаталр билан бирлашиш таклифи эса, ҳозир “Ҳизб-ут-Таҳрир”дан бошқа уюшган диний гуруҳнинг ўзи йўқ бўлганлиги сабабли, бундан ҳам ўта мантиқсиз эканлигини билдириб, бу масалаларда ундан изоҳ талаб қилдим. “Бирлик” демократик партия сифатида сайловлар йўли билангина ҳокимиятга келишни ўйлар экан, Бахром бунга альтернатив қандай йўл кўраётганини сўрадим. Маълум бўлишича, Бахром бундай гапларни гапирмаган, туркман журналисти унинг фикрларини хато тарқатган.

Шундай бўлса ҳам, мен Бахромдан унинг ўзи қайси диний партия ва ҳаракатлар билан бирлашишни ўйлаётгани ва Ўзбекистондаги бир демократик партиянинг келажакдаги йўли қандай бўлиши кераклиги хусусида фикрларини сўрадим. У бу каби саволларга ҳозир жавоб беришга тайёр эмас эканлиги айтганидан кейин, шундай келишдик. Табиий эркакчасига келишдик. У бир муддат ичида бу масалалардаги фикрларини мақола сифатида “Ҳаракат” журнали учун тайёрлайди. Агар у шу каби сиёсий мақолалари билан етуклигини кўрсатолса, биз уни “Ҳаракат” журналининг Таҳририятига киритиш учун иш бошлаймиз. Акс ҳолда, у авваллари каби, сафдошимиз сифатида, журнални Москва орқали транспартирвка қилиш бўйича Россиядаги вакилимиз бўлиб қолаверади.

Шу билан бир қаторда, вақти келганидан фойдаланиб, “Ҳизб-ут-Таҳрир” хусусида гаплашдик. Мен 5 йил Туркияда яшаб, бу партия тарафдоралри билан жуда кўп гаплашганим ва бахслашганим туфайли, бу йўналишда тажрибали эканлигимни алоҳида таъкидламоқчиман.

Англияда партия эмас, оддий бир NGO, яъни ноҳукумат ташкилот сифатида рўйхатга олинган “Ҳизб-ут-Таҳрир”нинг ҳалифат қуриш ғояси утопик бўлгани учун, уни тортишиб ўтириш ҳам бефойда. Бу ташкилотнинг исломий давлат қуриш ғояси эса, унинг асосчилари замонавий давлатчиликнинг асосларидан жуда узоқда эканлигини кўрсатади, халос.

Давлат нима ўзи? Давлат, энг содда шаклда гаплашадиган бўлсак, бу ҳудуд (территория), унда яшаётган аҳоли (нуфус) ва давлат системасидан (жамиятни бошқариш воситаларидан) иборатдир. Давлат системасини, яъни бошқариш воситаларини диний қилишга интилиш, транспорт аоситаси бўлмиш автомобилларни ёки алоқа воситаси бўлмиш телефонларни динийлаштирамиз дейиш каби ножиддий нарсадир.

Аммо, шу ножиддий ишга жиддий шкалда белини боғлаганлар етарлича бор. Аслида, бундай ножиддийлик элементлари фақат мусулмонларга хос эмас. Бор йўғи бундан бир неча юз йил аввал насроний инквизиторлар “ер ўз ўқи атрофида айланади” деган одамларни оловда ёқишгача боришган, чунки ернинг ўз ўқи атрофида айланишини тан олишмаган. Ҳизбутаҳрирчилар ернинг ўз ўқи атрофида айланишини тан олишса керакк-ку, давлат диний бўлолмаслигини тушунишмаяпти.

Насронийлар ўз тарихларининг бу ножиддий, аммо фожеали саҳифасидан ўтиб олганлари каби, биз мусулмонлар ҳам бу фожеали кунлардан ўтиб оламиз, давлат диний бўлолмаслигини ҳамма тушуниб етадиган кун ҳам келади. Минг афсуски, қурбонлар бўлади. Аммо, ўйлайманки, Бахром у қаторга кирмайди, биз билан қолади.