Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
“Бирлик” навбатдаги қурултойини ўтказиш учун амалий қадамлар бошлади
Аввалги хабарларимиздан маълумки, “Бирлик” Партияси Марказий Кенгашининг 1 июлда қабул қилган қарорига кўра, агар президентлик сайловлари бу йил ўтказилмайдиган бўлса, у ҳолда 2007 йилнинг бошида партиянинг навбатдаги, 2-чи Қурултойи ўтказилади. Бу йил сайловлар бўлмаслиги аниқлашгани сабабли, яқинда қурултой ўтказиш масаласи кун тартибига келди.
Бугун партия раиси Абдураҳим Пўлат жанубий ва марказий минтақалар бўйича ўринбосарлари Дайнов Ташанов ва Ҳолиқназар Ғаниевлар билан телефон орқали гаплашиб, партия қурултойтини ўтказиш бўйича қилиниши керак бўлган амалий қадамлар устида маслаҳатлашди. Ноябрь ойида Марказий Кенгаш мажлиси ўтказиб, қурултойнинг куни ва вилоят конференцияларида сайланадиган делегатларнинг сони хусусида керакли қарорлар олиш масаласи муҳокама қилинди. Бу минтақалардаги вилоятларда конференциялар ўтказиш учун тайёргарлик ишлари бошлаб юбориладиган бўлди.
Ҳолиқназар Ғаниев сўнгги ойларда мухолифат сайтлари тўла блокировка қилинаётгани ва хабар олиш қийинлашиб қолгани сабабли, марказлаштирилган шаклда вилоят ва туманлардаги партия раҳбарларини партия ҳаёти ва муҳим дунё воқеаларига оид хабарлар билан тантиштириб бориш йўллари тўғрисида ўйлаб кўриш кераклигини айтди. Шу йўналишда қилиниши мумкин бўлган конкрет ишлар муҳокама қилинди.
Дайнов Ташанов партия фаолларининг диққатини қуйидаги масалага тортиш лозимлигини айтди. Маълумки, партияга аъзолар якка тартибда ўз аризалари билан кирадилар. Бугунгача партия аъзолари деганда Адлия вазирлигига топширилган рўйхатга кирган Ўзбекистон фуқаролари тушунилади. Шундай экан, партияга расман алоқаси бўлмаган баъзи одамларнинг “Бирлик”дан чиқиши ёки аъзолигини тўхтатиши ҳақидаги маъсулиятсиз баёнотларига партия номидан кескин жавоб бериш, балки расман Баёнот эълон қилиш керак.
Қашқадарё вилоят тишкилотининг раиси сифатида шуни расман билдирамоқчиман, — деди Дайнов Ташанов. — Мен ҳозир чет элда яшаётган асли Қаршилик Тўлқин Қораевни яхши танийман. У “Бирлик” халқ ҳаракатининг фаоли эканлигини ҳам биламан. Аммо, менинг шахсий мурожаатларимга қарамасдан у мустақил журналист бўлиб қолиш ниятини рўкач қилиб, “Бирлик” халқ ҳаракати партиясига аъзо бўлиб кирмади, Адлия вазирлигига топширилган ҳужжатларга имзо чекмади. Шунинг учун, унинг гўёки партиядан чиққани ҳақидаги баёнотини ўзига сохта обрў олиш учун қилинган бир қадам деб ҳисоблайман. Айни замонда, унинг бу қадамини “Билик” Партиясига нисабатан провокация деб баҳолаш кераклиги ҳам табиий. Чет элга чиқиб олгач, бизга ёрдам бериш ўрнига бу каби қадамлар қилишини қоралайман.
Абдураҳим Пўлат бу ва бу каби масалалар юзасидан партия Марказий Кенгашининг махсус қарорини тайёрлаш лозимлигини билдирди.
