“Бирлик”нинг Cамарқандлик раҳбари яна таъқиб остида

Бугун эрталаб соат 7 дан уйим яна кузатув остида қолганини сездим, деди мухбиримизга “Бирлик” Партиясининг Самарқанд ташкилоти раиси Ҳолиқназар Ғаниев. Кузатув шу дақиқаларгача давом этмоқда. Иккита оқ «Жигули» русумли автомашина кўчамизда турибди, бири давлат рақамисиз, иккинчисининг давлат рақами бор-у лекин ўзига одамни яқинлиштирмаганлиги учун уни аниқлаб бўлмади. Уйимни кўз узмасдан кузатишмокда. Автомашинларнинг ҳар бирида 3-4 нафар 25-30 ёшлардаги бақувват йигитлардан иборат пойлоқчилар кўринади. Яқинлашиб бораверсам машинадагилари машинада, пиёдалари пиёда мендан узоқлашишади.

Маълум вақт ташқарига чиқмасам, уйга аноним телефон қилишиб менинг уйда эканлигимга ишонч ҳосил қилишга уринишади. Ўғилларимга МХХ номидан телефон қилиб: «Отангиз Тошкентга бормоқчи эмиш, бир бало бўлмасин” каби сўзлар билан таҳдид қилишади. Аслида, Тошкентга бориш режам бор эди. У ерга жўнаш мақсадида йўлга чиққандим ҳам, пойлоқчиларнинг бир қисми олдимга қолганлари кетимга тушишди. Автомашинадагилари ҳам сал нарироқда кузатиб боришди. Бундай аҳволда улар менинг сафаримга йўл бермасликларини тушуниб, уйга қайтдим.

Ҳолиқназар аканинг эҳтиёткорлигини сабаби бор, дейди мухбиримиз. Ўтган йили уни икки марта шу каби Тошкентга кетаётганда ўғирлаб кетишган, бир сафар 15 кунга маъмурий қамашган бўлса, иккинча марта 10 кун номаълум ерда ертўлада ушлаб туриб, кейин ярим кечаси чўлга ташлаб кетишган.

“Бирлик” фаолининг Тошкентга бориш режаси ҳеч кимга сир эмасди. У партия раҳбарлари билан бу ҳақда бир неча марта гаплашган. Партиянинг шу йил 1 июлда ўтказилган Марказий Кенгаш мажлиси қарорига кўра, Ҳолиқназар ака “Эрк” партияси фракцияларидан бирининг раҳбари Отаназар Орипов билан 2007 йилда бўладиган президентлик сайловларида мухолифат номидан умумий номзод кўрсатиш масаласини муҳокама қилиши ва бу хусусда келаётган Марказий Кенгаш мажлисида ҳисобот бериши керак эди.