“Бирлик” фаоли устидан Наманганда суд бошланди ва қолдирилди

Кеча Наманган шаҳар жиноят ишлари бўйича суди Абдувосит Носиров бошчилигида “Бирлик” Партияси Наманган вилоят ташкилотининг раиси Муҳаммадали Қорабоев устидан ярим йилча аввал очилган ишни кўришни бошлади. Аммо, Қорабоевга шу пайтгача ўз адвокати билан алоҳида учрашиш имкони берилмагани ҳақидаги эътирозни инобатга олган судья, ўзини кутилмаган даражада юмшоқ тутиб, суд мажлисини бир ҳафтага кечиктириш қарорини олди.

Эслатиб ўтамиз, Муҳаммадали Қорабоевни бир аёлнинг номусига тажоввуз қилишда айбланган кишидан, бу ишни бекитиб юборишда ёрдамчи бўлиш ваъдаси ҳисобига катта миқдорда пул талаб қилгани ва ҳатто унинг бир қисмининг олгани билан айбланиб, қамоққа олинганди. Ҳуқуқ ҳимоячиларинг айтишича, Қорабоев уйида йўқлигида номаълум одамлар унинг уйига пул ташлаб кетганлар ва бир неча дақиқадан кейин уйга келган милиционерлар пулни топганлар. Бу пайтда ҳам “Бирлик” фаоли уйида бўлмаган.

“Эзгулик”нинг вилоят ташкилоти фаоллари бу ишни мониторинг қилишдан ташқари, Қорабоевни ҳимоя қилиш билан ҳам актив равишда шуғулланмоқдалар.