Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Абдураҳим Пўлат: 53-54-чилар судралишга яратилган, учолмайдилар
Шу йил 14 февралда Самарақандда “Эзгулик” жамиятининг раиси, “Бирлик” Партияси Бош котиби Васила Иноят ва унинг сафдошларига уюштирилган ҳужум оддий воқеа эмас. Биз бундай воқеаларга вақтида баҳо бермасак, уларни қораламасак, ҳужумчиларни рағбатлантирган ва демократик мухолифатнинг келажагини таҳлика остига қўйган бўламиз.
Бу ҳужум мавжуд режим томонида уюштирилганига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бунинг учун бир неча фактга диққат билан қараш кифоя.
Биринчидан, Васила Иноят “Эзгулик”нинг раҳбари сифатида бир кун аввал Адлия вазирлигига чақирилиб, вилоятларга чиқмаслик, сиёсий ҳуқуқларга, хусусан, “Бирлик” Партиясининг ҳуқуқларига боғлиқ масалалар билан шуғулланмаслик ҳақида огоҳлантирилган ва акс ҳолда ўзига ёмон бўлиши билан таҳдид қилинган.
Иккинчидан, ҳужум Самарқанд шаҳрининг қоқ марказида, вилоят ҳокимлиги, ИИБ ва МХХнинг вилоят қароргоҳи биноларига жуда яқин жойда юз берган. Ҳар қандай ҳужумчилар, агар улар ҳукуматнинг топшириғи билан ишламасалар эди, бундай жойда жиноий ишга қўл урмасдилар.
Учинчидан, ҳужум бошлангандан кейин эзгуликчилар телефон орқали 5 марта милицияга мурожаат қилишган, ҳужумчилар тахминан 1,5 соат жанжал қилишган бўлса ҳам, ҳеч қандай ёрдам етиб келмаган.
Аммо, масаланинг биз учун энг ваҳимали жойи ҳужумчиларга “Эрк”партияси 53-54-чилар гуруҳи вакиллари ва ҳуқуқ ҳимоячилигига даъво қилаётган Марат Зоҳидовнинг одамлари раҳбарлик қилишгани. Бу хусусда “Ҳаракат” сайтида кеча берилган баҳо мутлақо тўғри: Жон талвасасидаги бу гурҳлар яна ўз сафдошларига нисбатан хоинлик қилиб, яна ҳукуматнинг гумашталарига айланмоқдалар.
“Эрк”нинг бу фракцияси билан Марат Зоҳидов бу хусусда сас чиқармаётганларининг ўзи етарлича маъного эга. Аммо, мен ҳозир ўқувчиларнинг диққатини бошқа икки нуқтага қаратмоқчиман.
Биринчи. 1989 йилда “Бирлик” энг кучга тўлган пайтда ва муҳим сайловлар арафасида ҳукумат Салой Мадаминов ва бошқа 53-54-чилар воситасида бизга зарба берган эди. Демак, ҳукумат бизнинг яна кучга тўлганимизни тан олди, десак бўлаверади. Бунинг устига сайловлар яқинлашиб келмоқда, шу сабабли, ҳукуматнинг бизга қарши ҳужумлари ҳар томонлама тушунарлидир.
Иккинчи. Баъзи мухолифатчилар “Асосий мақсадимиз Каримовни йиқитиш, шунинг учунгина бирлашамиз, кейин эса ҳар ким ўз йўлидан кетаверади” дейишганда, менинг уларга жавобим шундай бўлган: “Асосий мақсадимиз – демократик Ўзбекистон. Каримов режимини ўзгартириш эса, асосий мақсад йўлидаги муҳим, аммо, биргина қадам. Асосий ва машаққатли иш ҳозирги режим ўзгаргандан кейин бошланади. Ўзбекистон жуда ёмон иқтисодий аҳволда. Ундан чиқиш осон эмас. Биз демократлар ҳозироқ жиддий шаклда умумий маҳражга келиб олмасак, кейинчалик ички урушгача етиб боришимиз ҳеч гап бўлмай қолади”.
Самарқанддаги воқеалар айтган гапларимнинг энг яхши исботидир. Ахир уйлаб қаранг, ҳали диктатура оёқда экан, у билан курашиш ўрнига, 53-54-чилар яна “Бирлик” ва унинг тарафдорларига қарши ростакам уруш очмоқдалар. Самарқанданинг марказида бир офиснинг эшигини бузиб кириб, “Бирлик” раҳбарларидан бирига очиқча ҳужум қилишни бошқача изоҳлаб бўлмайди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Васила Иноятнинг ҳақиқий сиёсатчиларга хос совуққонлиги туфайли воқеа оловлантирилмасдан сокинлаштирилган. Ҳужумчиларга қарши зарбалар билан жавоб берилмаган. Айниқса ёш эзгуликчилар калтак есалар ҳам асосий диққатни раисларини ҳимоя қилишга беришган, ҳужумга ҳужум билан жавоб беришмаган. Яхши тайёрланган провокациянинг олдини олишгани учун уларга офарин дейиш лозим.
Шу сабабли мен ҳамма демократия тарафдорларига мурожаат қиламан. Ҳар ким бу воқеага ўз муносабатини очиқлаши, ҳужумга учраганларга ҳамдардлик билдириши, ҳужумчиларни қоралаши лозим. Акс ҳолда, жон талвасасидаги одамлардан бундан ҳам ифлос ишлар чиқаверади. Зеро, 53-54-чилар судралишга яратилган, учолмайдилар. Демак, уларнинг судралишини ҳам чегаралаб қўйиш керак.
