Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
“Бирлик” раиси партиянинг Фарғона вилоятидаги раҳбари билан гаплашди
Бугун “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат партиянинг Фарғона вилояти ташкилоти раиси Адҳам Муҳиддин билан телефон орқали гаплашди. Улар асосан 2 мавзуни муҳокама қилдилар.
Биринчи. Самарқандда демократларга қарши эркчи 53-54-чилар раҳбарлигидаги гуруҳнинг ҳужуми ва бу воқеадан чиқарилиши керак бўлган хулосалар. Бу воқеанинг қандай ваҳмали эканлигини тушунмаётганлар билан иш олиб бориш ва фарғоналикларнинг бу хусусдаги баёнотини тайёрлаш керак деган деган фикрга келинди
Иккинчи. Президент сайловига тайёрланиш кампаниясини жадаллаштириш. “Бирлик” фаолларининг фикрича, вазият 1989 йилдаги парламент сайловлари арафасидаги шаклда давом этмоқда. Ўшанда ҳукумат мухолифат ичидаги принципсиз одамлардан фойдаланиб, муҳим сайловлар арафасида мухолифатга жиддий зарбалар берганди. Ҳозир ҳам шундай жараёнлар кетаётганини кўриш мумкин. Аммо, мухолифат тажрибали эканлигини кўрсатиб, бундай ҳужумларнинг зарбаси остидан талафотсиз чиқиб олиши муқаррар.
Бўлаётган воқеалар кўрсатмоқдаки, мухолифатни умумий номзод ғояси атрофида бирлаштириш осон эмас. Бир кишилик гуруҳ ҳам ўз номзоди учун ҳаёт-мамот жанги қилишга тайёр, гуруҳларнинг маъсулият даражаси мавжуд вазият нуқтаи назаридан қаралганда жуда паст, баъзиларда реаллик билан ҳисоблашиш ҳисси йўқ. Шу сабабли, “Бирлик” мухолифатнинг асосий кучи сифатида партия Марказий Кенгаши тарафидан қабул қилинган қарорлар доирасида ишини давом эттираверади. Хусусан, агар “Бирлик” рўйхатдан ўтмаса, Ташаббус гуруҳлари орқали президентликка номзод кўрсатиш учун тайёргарчиликни ҳозироқ бошлаб юбориш керак.
