Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Яна бир “Бирлик” фаоли 6 йилга озодликдан маҳрум этилди
Шу йилнинг 6 март куни жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди судьяси Абдуносир Мўминов раисилигида ўтган маҳкама “Бирлик” Партияси Марказий Кенгаши аъзоси Муҳамадали Қорабоевни 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилди. “Бирлик” фаоли Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси (Товламачилик) 1-банди, 168-моддаси (Фирибгарлик) 2-қисми билан айбланаётган эди. Унинг икки адвокати (улардан бири Тошкентлик, иккинчиси — Наманганлик Юсуфжон Мусаев) бу ишда жиноят аломатининг ўзини йўқлигини исботлаб, у сиёсий мақсадлар билан уюштирилганига суднинг эътиборни қаратишга ҳаракатлар қилди, аммо суд юқорида айтилган, кўринишидан, аввалдан тайинланган қарорини чиқарди. Эндиликда Қорабоевнинг адвокатлари унинг манфаатларини юқори судларда ҳимоя қилишмоқчи.
Эслатиб ўтамиз, Муҳамадали Қорабоев ўтган йилнинг сентябридан бери эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақланаётган эди. Унга нисбатан вилоят ИИБ томонидан Минбулоқ туманидаги Гигант ширкати раҳбарияти шикояти асосида жиноят иши қўзғатилган, дейди мухбиримиз.
