Самарқанддаги провокациядан манфаатдор “Эрк”нинг собиқ раҳбариятидир (“Эрк” партияси раиси Самад Муроднинг Баёноти, 12 март 2007 йил)

“Эрк” демократик партияси шу йил 14 февралда Самарқандда “Эзгулик” раиси ва бошқа фаолларига қарши уюштирилган провокацион ҳужумни қоралайди, унинг иштирокчилари ва ташкилотчиларини маънавий жавобгарликка тортиш лозим деб ҳисоблайди.

Самарқандда нима бўлганини яхшироқ англаб етиш, бу каби воқеаларнинг қайтарилмаслигини таъминлаш Ўзбекистонда демократия учун олиб борилаётган курашнинг аввалги саҳифаларига бир назар солишни тақазо қилади.

Маълумки, “Эрк” демократик партияси тузилишиданоқ, унинг асосий кучи Қашқадарёда эди. Масалан, партияни рўйхатдан ўтказиш босқичида унинг аъзоларини 75 фоизидан кўпроғи шу вилоятдан бўлган. 1993 йили чет элга чиқиб кетган партия раисимиз у ерда тўғридан тўғри террор ишларига қўл уриб, ўзбек демократиясини ёмонотлиққа чиқаргандан кейин ва айниқса, у демократик ташкилотлар четда қолиб, қуролли исломий ҳаракатлар билан ҳамкорлик қилгани маълум бўлгач, Ўзбекистонда партиямиз йўқ бўлиб кетиш остонасига келди, бизнинг вилоят ташқарисида ҳеч бир ерда партия ташкилоти қолмади ҳисоб. 2001-03 йиллари биз партияни сақлаб қолиш учун Салой Мадаминов ва унинг топшириқларинигина бажаришга ўрганган Отаназар Ориповни партиядан четлаштириш учун ҳаракат бошладик.

Ўша пайтда бу икки кишининг кимлигини, уларнинг қилаётган ишларини янада чуқурроқ тушуниб етишда Ўзбекистон Демократик Форумининг раҳбари, “Бирлик” фаоли Исмоил Дадажоновнинг роли катта бўлди. У ўша кезларида АҚШ бўлиб “Бирлик” раиси Абдураҳим Пўлат билан учрашгани, бу икки партия биргаликда ҳаракат қилсагина мухолифат катта кучга эга бўлишини, “Бирлик” раисининг бу йўналишда аниқ режалари бор бўлса ҳам, Салой Мадаминов бирлалшиш ҳаракатларини ҳар доим бузиб келаётгани ҳақидаги бизга маълум бўлмаган баъзи воқеаларни фактлар билан айтиб берди.

Булар ниҳоий қарор олишимиз учун сўнг томчи бўлди дейиш мукин. Биз “Эрк” партиясидаги кўпчиликни ўз орқамиздан олиб кетишга қурбимиз етди. 2003 йилдаги партия қурултойида биз тўла ғалаба қозондик. Салой Мадаминов ва Отаназар Ориповнинг атрофидаги кичик гуруҳ ҳам “Эрк” номи остидаги фракция сифатида фаолиятларини давом эттиришга интилдилар, бироқ, кўп ўтмай яна парчаланиб кетдилар.

Шундан кейин ўша фракциянинг асосий кучи Самарқанд бўлиб қолди. Бунинг бирдан бир сабаби – “Бирлик” Партияси Самарқанд вилоятининг раиси, “Эзгулик”нинг вилоятдаги раҳбари Холиқназар Ғаниевнинг энг яхши ниятлар билан, ва балки, Отаназар Ориповга бўлган дўстлик муносабатлари ҳурмати, “Эрк”нинг ўша фракциясини қўллаб-қувватлашга кўп куч сарфлаши бўлди. “Эзгулик” расмий рўйхатдан ўтган ташкилот эканлиги ҳам муҳим роль ўйнади. Биз Холиқназар аканинг олижаноблик кўрсатиш учунгина қилган бу ҳаракатларини тўғри баҳолаймиз ва у ҳаракатларни қоралаш ниятимиз йўқ.

Аммо, яқинда Холиқназар Ғаниев “Эзгулик” раислигидан кетгач, асосий таянчини йўқотган “Эрк”нинг ўша фракцияси Самарқанд бўлими бошқа вилоятлардаги каби йўқ бўлиш остонасига келди. Ана шундай бир аҳволда, бу фракциянинг кўзга кўринган фаоли, Салой Мадаминов ва Отаназар Ориповнинг энг яқин одамларидан бири бўлмиш Нуриддин Комилов аламзадалик ва реванш олиш руҳи билан “Эзгулик” фаолларига ҳужум уюштирганларига ҳеч қандай шубҳа йўқ. “Эрк”нинг бу фракцияси ҳеч бўлмаса Самарқанддаги сўнгги таянч нуқтасини сақлаб қолишга шу йўл билан интилган.

Кўриниб турибдики, бу ҳужумни уюштирганлар ҳукумат билан бир йўналишда ҳаракат этмоқдалар. Шаҳарнинг марказида расмий бир офиснинг эшигини бузиб киришга фақат ҳукуматга орқа қилган одамлари журъат этоладилар. Уларнинг ичида кимлиги маълум Марат Зоҳидовнинг одамлари борлиги, у фракциянинг ўзи эса шу пайтгача расмий жавоб беришга кучи етмаётгани фикримизни тасдиқлайди.

Биз ҳужум иштирокчилари, ташкилотчилари ва раҳнамоларини кескин қоралар эканмиз, бошқа демократик ташкилотларни ҳам шундай қилишга чақирамиз ва мухолифатни бирлаштириш масаласи яна ҳам актуаллашиб бораётганини алоҳида урғулаймиз.