Яна бир ўзбек АҚШда сиёсий қочқин статуси олди

Шу йил 22 мартда тарқатилган “АҚШ қамоғидаги Абдураҳим Ҳамидовнинг тарихи” номли хабаримизда, ўзбек фуқароси Абдураҳим Ҳамидов 1 йилу 2 ойдан бери АҚШнинг Нью-Йоркдаги қамоқхонасида бу мамлакатда сиёсий бошпана олиш қарорини кутиб ётгани ҳақида маълумот бергандик. Ўша хабарда АҚШда яшайдиган баъзи мухолифатчиларнинг Нью-Йорк судига Абдураҳим Ҳамидовни Ўзбекистонга депортация қилмаслик ва АҚШда қочоқ сифатида қолишига рухсат беришни илтимос қилиб тавсиянома берганлари ҳам билдирилганди.

Маълум бўлишича, “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат шундай тавсиянома берган ва 30 апрель куни Нью-Йорк суди Абдураҳим Ҳамидовга сиёсий қочоқ статуси бериб, уни дарҳол озодликка чиқариш ҳақида қарор чиқарган. Кеча Нью-Йоркдан “Бирлик” раҳбарига телефон қилган Абдураҳим Ҳамидов берилган ёрдам учун миннатдорчилик билдирди. Абдураҳим Пўлат ўз адашини озод бўлиши муносабати билан табриклади.