Ёдгор Турлибеков яна маломатлар нишонида

Кеча, 20 майда Қаршилик ҳуқуқ ҳимоячиси, «Бирлик» фаоли Ёдгор Турлибековни Қарши шаҳар Буюм бозори ҳудуди участка нозирлари 3 соатдан ортиқ ушлаб турдилар. Ёдгор аканинг мухбиримизга айтишича, Буюм бозоридаги тадбиркорлар шикоятига кўра суриштирувлар ўтказаётган кекса ҳуқуқ ҳимоячисини бир неча милиция ходимлари бозор раҳбари Виктор Ашуровнинг талаби билан ҳибсга олишган. Участка нозирлари пунктида турли оғизга олиб бўлмайдиган ҳақорат ва сўкишлар билан сийланган мухолифатчининг ёзув диктафони ва мобил телефони тортиб олиниб, синдириб ташланган.

Бугун Ёдгор ака мазкур қонунбузарлик ҳолатлари бўйича вилоят прокуратураси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мурожаат этиб, ўзининг шаън ва қадр-қимматига озор етганидан арз қилган. “Мен Ўзбекистон ИҲЖнинг вилоят бўлимини бошқарган пайтимда Виктор Ашуров Касби тумани ИИБ бошлиғи эди. У лавозимидан четлатилиб, жавобгарликка тортилганида, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилганман” дейди Турлибеков.