Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
“Бирлик” фаолини руҳан синдиришмоқчи (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи, № 37, 31 май 2007 й.)
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига Фарғона вилояти Тошлоқ тумани Ахшак қишлок фукаролар йигини Беруний кўчаси 8-уйда яшовчи фуқаро, иқтисод фанлари номзоди, “Бирлик” фаоли журналист Эргаш Бобожонов мурожаат этиб, маҳаллий ҳокимият идоралари унинг қонуний талаб ва манфаатларини оёғости қилаётганини баён этган. Хусусан, 9 киши истиқомат қилувчи Эргаш Бобожонов оиласи Тошлоқ тумани ҳокими ва бошқа мутасадди идораларга “Боғдорчилик” фермер хўжалиги яратиш мақсадини кўзлаб, ер сўраб мурожаат этган. Улар ўз арзларини бир неча ўн йиллардан бери шу ерда яшаб келишаётгани, республикада мулкчиликнинг колхоз шакли тугатилаётгани муносабати билан ер фуқароларга тақсимланаётгани, демак, улар ҳам шундай ҳуқуққа эга экани билан изоҳлашган.
Хусусан, улар тумандаги А. Навоий жамоа хўжалигини тугатиш комиссияси раҳбари Н.Собиров, Фарғона вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи Ашуровларга сўнгги икки йил ичида бир неча марта мурожаат этганлар. Бироқ маҳаллий ҳокимият идоралари Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун талаблари ҳамда фуқаролар манфаатларини ифода этувчи бошқа норматив актлар, меъёрий ҳужжат талабларини бузган ҳолда уларнинг мурожаатларини оқибатсиз қолдириб келмоқда. Эргаш Бобожонов эса мазкур ҳолатни ўзининг сиёсий қарашлари ўзгача экани, “Бирлик”чи сифатида танилгани билан изоҳламоқда.
Эргаш Бобожонов 2001 йилнинг 17 январида сохта айбловлар билан қамоққа олинган. У етук журналист ва фаол сиёсий фуқаро ўлароқ, Қирғизистонда чоп этиладиган машҳур “Республика” (Замира Сиддиқова муҳаррирлигида) газетасида Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятни чуқур таҳлил этувчи “Требуют молиться за Ислама Каримова” (Ислом Каримовга сажда қилишни талаб қилмоқдалар) номли мақола чоп этган. Шундан сўнг у бир муддат ҳибсда ушлаб турилди ва демократик кучлар, ҳуқуқ ҳимоячиларининг саъй-ҳаракатлари билан 2001 йилнинг 27 февраль куни озодликка чиқарилган.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Эргаш Бобожонов оиласига бир неча йилдан бери ўтказилиб келаётган руҳий ва маънавий босим, оила мурожаатларининг оқибатсиз қолдирилиши сабабини унинг фаол сиёсий шахс эканлигида кўради. Маҳаллий ҳокимият, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларини фуқаро манфаатларига зарар етказувчи бундай қонунбузарликни бартараф этишга чақиради. Прокуратура идораларидан мазкур ҳолат бўйича изоҳ талаб қилади.
