Швеция радиосида “Бирлик” лидерларидан Пўлатжон Охун билан суҳбат

Бугун Швеция Радиосининг Р1 каналида маҳаллий вақт билан соат 17 да “Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари Пўлатжон Охун билан ярим соатлик сухбат берилди. Шу кунларда Ўзбекистонда, Шаҳрихондаги ўз уйида яашаётган Пўлатжон билан суҳбат телефон орқали ўтказилган.

Ўзбекистон расмийлари тахминан ярим йилдан бери “Бирлик”чининг муддати битган паспортини алмаштиришни пайсалга солаётганини аввалги хабарларимизда маълум қилгандик. Швеция радиоси журналистлари суҳбатни шу мавзудан бошлаб, кейин Ўзбекистондаги вазият ва мухолифатнинг планлари ҳақида кўплаб саволлар беришди.

Мухолифатчининг жавобларида Ўзбекистондаги вазият тўла очиб берилган. “Бирлик” бу йил бўладиган президентлик сайловида қатнашадими, қатнашса унинг номзоди ким бўлади деган саволга Пўлатжон Охун “Демократик мухолифатнинг номзоди сифатида “Бирлик” раиси Абдураҳим Пўлат кўрсатилаётганини” билдирди.

Пўлатжон Охуннинг паспорти масалaсини нaзарда тутиб, Р1 каналининг журналисти “Сизга қандай ёрдам бериш мумкин” деб ҳам сўради ва шундай жавоб олди: “Швециянинг Европарламентдаги депутатлари Ўзбекистоннинг Брюсельдаги элчихонасига ва Ташқи ишлар вазирлигига хат билан мурожаат этишса яхши бўлар эди”.

Суҳбат давомида Пўлатжоннинг Швецияда яшаётган оила аъзоларига, хусусан Швецияда туғилган фарзандларига Ўзбекистонга келишга рухсат берилмаётгани ҳам тилга олинди. Гуманитар масалаларга сезгир бўлган швециялик журналистлар Ўзбекистон ҳукуматининг бундай ғайриинсоний ҳаракатларидан қаттиқ таъсирланганларини яширолмадилар.