Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Украинада зарғалдоқчиларнинг кичик, аммо муҳим ғалабаси ва Ўзбекистон билан қиёслаш
Бундан бир неча кун аввал Украина Марказий Сайлов Комиссияси “Юлия Тимошенко Блокининг” парламентга номзодлар рўйхатини, у ерда номзодланинг адреси кўрсатилмаган дея тасдиқламагани ҳақида хабар тарқалганди. Маълум бўлишича, МСК рўйхатларни на тасдиқлаш ва на тасдиқламаслик хақида қарор чиқармаган, зарғалдоқчиларнинг рўйхати кўрилмай, оқибатсиз қолдирилган экан. Агар МСК рўйхатни тасдиқламаса, Юлия Тимошенко тарафдорлари Конституцион Судгача адолат излаб боришлари мумкин эди.
Марказий Сайлов Комиссияси аризани кўрмасдан, оқибатсиз қолдиришга ҳаққи йўқлигини асос қилиб, “Юлия Тимошенко Блоки” Киев шаҳар Маъмурий судига мурожаат қилгач, кеча бу суд МСКни қонун бўйича қарор чиқаришга мажбурловчи ҳукм чиқарганди. Суд ҳукмини бажаришга мажбур қолган МСК бугун “Юлия Тимошенко Блоки”нинг рўйхатини тасдиқлади. Зарғалдоқчилар яна бир муҳим ғалаб қозондилар.
Айнан шундай аҳвол Ўзбекистон ҳукуматининг мухолифатга бўлган муносабатида ҳам кўрилганди. “Бирлик” Партияси Адлия вазирлигига керакли ҳамма ҳужжатларини топширган бўлса ҳам, мамлакат қонунларига кўра, партияни ёки рўйхатга олишга ёки рад жавоби беришга ҳаққи бўлган вазирлик, қонунсиз рўкачлар билан ҳар доим “ариза кўрилмасдан, оқибатсиз қолдирилсин” дея қарор чиқарарди. Партиянинг Олий Судга берган аризалари ҳам қондирилмаганди.
Кўриниб турибдики, адолатнинг тантанасига эришиш масаласида Украина Ўзбекистондан анча олдинда. Лекин ўзбек мухолифати қонунлар майдонида бу лўттибоз ҳукумат билан олишишни тўхтатмаслиги керак. Демократларнинг бундан бошқа йўллари йўқ.
