Самарқандда “Бирлик” фаолларини МХХ таъқиб этмоқда

Кечаги хабаримизда “Бирлик” Партиясининг Самарқанд вилоятидаги фаоллари Холиқназар Ғаниев ва Абдумалик Умурзоқов қаттиқ кузатувга олинганини билдиргандик.

Шундан кейин Холиқназар Ғаниев бу ҳолат тўғрисида норозилик билдириб, ўзи яшайдиган маҳалла бўйича участка нозири, милиция лейтинанти Одил Ҳамраевга мурожаат қилган экан. Бугун Одил Ҳамроев “Бирлик”чига ҳолатни ўрганганини, уни кузатаётган пойлоқчилар билан учрашиб гаплашганини билдирибди. Кузатувчилар ўзларини МХХ ходимлари эканликларини, Холиқназар Ғаниевга байрам арафасида бирон ёққа чиқиб кетишга йўл қўймаслик топшириғини бажараётганликларини айтишибди.

Миршабга кўра, бу ерда ҳеч қандай муаммо йўқ. Ваҳоланки, қонунни муҳофаза этиши лозим бўлган Одил Ҳамроев МХХчилар нима сабабдан “Бирлик” фаолини очиқча таъқиб қилаётганлари ва бунинг қандай қонуний асослари борлиги тўғрисида изоҳ талаб қилиши керак эди.