Водий бирликчилари сайловга тайёрланишни бошладилар

“Бирлик” Партияси раҳбариятнинг шу йил 17 авгут Тошкентдаги йиғилишидан кейин президент сайловларига тайёрланиш ишлари жойларда тезлаша бошлади. Фарғона водийси мухолифатчилари биринчи амалий қадамлар қўйишди.

17 август мажлиси қарорига кўра, “Бирлик” Партияси ҳали рўйхатдан ўтмагани сабабли унинг номзоди тахминан октябрь ойи бошларида Тошкентда бўладиган Сайловчиларнинг Ташаббускор Гуруҳи (СТГ) томонидани мустақил номзод сифатида кўрсатилади. Бу мажлисга ҳар бир вилоятдан 40 киши қатнашиши режалаштирилмоқда. Вилоятлардан бундай кишиларнинг рўйхати аввалдан ҳозирланиши лозим.

Кеча Абдураҳим Пўлатга партия раҳбари ва Исмоил Даджонга сайлов ишлари координатори сифатида хат йўллаган “Бирлик”нинг Фарғона водийси бўйича раҳбарлари амалий ишлар бошлаб юборишганини билдиришди. Учта вилоятдан СТГ мажлисида қатнашадиган 120 кишининг рўйхати тузишга бошланган. Бу ишларни қилиш ва 120 кишини Тошкентга олиб боришни ташкил этиш учун керак бўлган ҳаражатларнинг сметаси тайёрланган. 3,5 минг долларлик ҳаражатларнинг асосий қисмини чет элда яшовчи Ўзбекистон фуқаролари ёрдамида қоплаш мумкин эканлиги ҳам алоҳида таъкидланган.

Водий бирликчилари бу масалда Абдураҳим Пўлат ва Исмоил Дадажонга бўлган умидларини изҳор этар эканлар, қуйидаги ибораларни ҳам ишлатганлар: “Кўрсатилган маблағни тезда тўплаб, бизга жўнатасиз, деб умид қиламиз. Сизлар шу ишни қилолсангизлар, қолган ишлар бу ердагиларга, уларнинг ҳаракатига боғлик, зеро кураш Ватанда бўлади. Тарихга бир назар ташлайдиган бўлсак, Кубадан қочган мухолифатчилар ҳам, Эрондан чиқиб кетганлар ҳам чет элда минглаб номойишлар ўтказганларига қарамасдан, юртларида ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган. Ватан ичидаги ўзгаришни Ватанда қолганлар қилади, сизлар бизнинг истакларимизни бажариб турсаларинг бўлди.”

— Бу фикрга тўла қўшиламан, — дейди “Бирлик” раиси. – Мен партиямизнинг шу кунгача ўтказган ҳамма тадбирларининг ҳаражатларини қоплаш учун етарлича иш қилдим ва бу ишларим давом этади. Ҳозир асосий маъсулият Исмол Дадажоннинг зиммасида бўлади. У Европада мухолифатчиларни уюштириш учун ҳаракатлар қилмоқда. Бу ишларида ўзнинг водийлик сафдошлари ва ҳамшаҳарларининг мутлақо тўғри тавсияларини қабул қилишига шубҳа йўқ. Чунки, юрт ташқарисидагиларни уюштиришнинг самараси бўлмайди, агар юрт ичкариси билан ишламасак. Буни аллақачон тушуниб етган бирликчилар ҳаммадан олдинда кетишаётгани ҳам ҳаммага маълум.