Грузияда сиёсий кризис бўладими? Бунинг Ўзбекистон мухолифати ичидаги воқеалар билан ўхшашлиги нимада?

Кеча Тбилисида Гружистоннинг собиқ Мудофаа вазири Ираклий Окруашвили қаммоққа олинган. Мамлакат президенти Саакашвилининг собиқ сафдоши ва ишонган одамларидан бири бўлган Окруашвилининг қамалиши ва бу билан боғлиқ воқеалар Россия оммавий ахборот воситалари тарафидан Россия ичидаги ўта муҳим воқеаалардан ҳам муҳимроқ қилиб кўрсатилаётганидан, бу иш Россия манфаатларига жавоб беришини тушуниш қийин эмас.

Ираклий Окруашвили 25 сентябрь куни Гуржистон телевизион каналларининг бирида президент Саакашвилига оғир айблар юклади. Гўёки, Саакашвили Окруашвилига гуржи аслли Россия миллиардери Бадри Патаркацишвилини йўқ қилишни топширган, русларнинг ёрдами билан Тбилисининг қўлидан чиқиб кетган Жанубий Осетияни 2006 йилда қайтариб олиш бўйича махфий режа ҳозирлаган эмиш ва ҳоказолар. Агар Саакашвили Жанубий Осетияни қайтариб олиш режасини ҳозирлаган бўлса, у мамлакат бутунлигини тиклаш йўлида вазифасини бажарган бўларди. Бадри Патаркацишвилини йўқ қилишдан Саакашвили нима фойда топарди, деган саволга жавоб ҳам йўқ.

Айтайлик, Саакашвили шундай жиноий ишларни тайёрлашга қўл урган ҳам бўлсин. Нега Окруашвили буларни қамалишидан икки кун аввал очиқлади. Унинг тоза виждони шу кунгача қаерда эди?

Бу саволнинг жавоби жудда ҳам оддий. Ўзига мансабини суиистеъмол қилиш, коррупция ва пул ювиш каби айблар қўйилишини билиб қолган Ираклий Окруашвили қарши ҳужумга ўтиб, ўзини қутқариш учун йўллар қидирмоқда. У ҳеч нарса қилолмаслиги аниқ. Чунки, айниқса, Жанубий Осетия хусусидаги очиқламалари, миллатга хиёнатдир.

Ўзбекистон мухолифати ичидаги баъзи жараёнлар Ираклий Окруашвили воқеасини эслатади.

Маълумки, “Бирлик” халқ ҳаракати 2003 йилдаги қурултойида ўзини “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясига айлантириш хусусида қарор қабул қилди. Орадан 4 йилдан ортиқ вақт ўтди. Ҳеч ким бунга эътироз билдирмади. Билдирса ҳам, Қурултой қарорини ҳеч кимнинг ўзгартиришга ҳуқуқи йўқ бўларди. Аммо, шу кунларда бир гуруҳ собиқ бирликчилар бир маҳаллар “Бирлик” аъзоси эканликларини эслаб қолиб, Абдураҳим Пўлат зўрлик билан Ҳаракатни Партияга айлантирганини иддао қила бошладилар.

Нима учун?

Бу саволнинг ҳам жавоби жуда оддий. Турли сабаблар билан, кўпчилиги ўз иҳтиёри билан, “Бирлик” фаолиятидан ташқарида қолган кишилар, бугун “Бирлик” Партияси Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган ва Каримов режимига қарши амалда иш қилаётган ягона ташкилот ҳолига келганига рашк қилиб, унинг орқасидан чалмоқчилар. Аммо, ҳеч нарса қилолмайдилар, чунки, қилаётган ишларининг ҳеч бир ҳуқуқий асоси йўқ, айни замонда, бу ҳаракат — диктатура остида ётган миллатга хиёнатдир.

Қизиқ, гуржи Окруашвили ва баъзи ўзбекларнинг “заиф” хотиралари нега тўсатдан, айнан шу кунларда тузалиб қолди экан? Шу кунларда Россия Гуржистонга босимларини кучайтиргани, «Бирлик» Ўзбекистон ичида фаолият олиб бораётган, бу йилги президент сайловида иштирoк этишга ҳозирланаётган ягона ташкилот бўлгани учун эмасми?

Шу воқеалар (Ўзбекистон ва Гуржистондаги) туфайли, қўпол бўлса ҳам, бир латифани эслатиш баъзилар учун фойдали бўларди.

Бир ёш аёл милицияга келиб, қўшнисининг ўғли уни зўрлаганидан шикоят қилибди. Дарҳол протокол тузишга киришган милиицонер: “Бу воқеа қачон бўлди?” деб сўраса, аёл воқеанинг 2 ҳафтача аввал бўлганини билдирибди. Ҳайрон бўлган милиционер: “Қизим, шунча вақтдан бери қаерда эдингиз” деб савол берганда, аёл шундай деган экан: “Эсимдан чиқиб қолибди-да, амаки”.