Пўлат Охунни Қамчиқ девонида очлик эълон қилишга мажбур қилдилар

“Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари Пўлат Охун президент қароргоҳи – Оқсарой олдида 9 ойдан бери паспорти берилмаётганига норозилик билдириб, муддатсиз очлик эълон қилиш ниятида бугун ўзи яшайдиган Шаҳрихондан Тошкентга қараб йўлга чиқди. У ўз жияни билан жиянининг автомобилида эди.

Эрталаб соат 8 ларда уларни Қамчин довонида чегарачилар, божхоначилар ва миршабларнинг қўшма наряди тўхтатди, дарҳол бу автомобиль ўғирлангани хусусида маълумотлар борлиги ва уларни текшириш кераклиги баҳонаси билан автомобиль ва унинг ичидаги шахсий ашёлар ноқонуний равишда олиб қўйилди. Пўлат Охуннинг паспорти йўқ бўлганлиги сабабли, унинг Ўзбекистон бўйича ҳаракати ҳам ноқонуний деб топилди.

Кўринишидан, Пўлат Охун Оқсарой олдида очлик эълон қилиш учун кетаётганини уни Қамчин довонида ушлаганлар жуда яхши билишарди. Уларни тезда қўйиб юбормасликлари маълум бўлгач, Пўлат Охун очликни шу ердаёқ бошлаб юборганини билдирди.

Орадан 6 соатча вақт ўтишига қарамасдан уларнинг тақдири қандай бўлиши хусусида уларга ҳеч қандай маълумот берилмаяпти.

Пўлат Охуннинг “Бирлик”даги сафдошлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари у билан телефон орқали боғланиб, унинг ҳолидан хабар олиб турибдилар. Партия раиси Абдураҳим Пўлат ҳам телефон орқали аввал Пўлат Охуннинг ўзи, кейин партия раисининг водий ишлари бўйича ўринбосари Ҳамдам Сулаймон ва партия Бош котиби, “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноят билан телефон орқали гаплашди ва ушланганларга қандай ёрдам бериш масаласида маслаҳатлашди.

Аввалги хабарларимиздан маълумки, Шаҳрихон тумани ОВиР бошлиғи майор Иброҳим Йўлдошев ва Андижон вилояти ОВиР бошлиғи майор Дониёр Бадаловлар ҳукуматнинг топшириғини бажариб, жиноят содир қилмоқдалар ва Ўзбекистон фуқароси бўлган Пўлат Охуннинг паспортини алмаштиришни 9 ойдан бери чўзиб келмоқдалар. Энди бу жиноятга Қамчиқ довонидаги чегарачи, божхоначи ва миршаблар ҳам қўшилишмоқда.