Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
“Ҳаракат” журналининг навбатдаги сони сайтимизда
Журналнинг навбатдаги, 2007 йил 6-чи сони бугун сайтга қўйилди. Унинг “Сиёсат” номли бўлими Ўзбекистон ва Россиядаги сайловлар натижаларини анализ қилиш, бу икки мамлакатда демократларнинг мағлубияти сабабларини ўрганиш ва бундан кейин қилиниши керак бўлган ишларнинг йўналишини аниқлаш каби масалаларга бағишланган. Унинг саҳифаларида “Бирлик” Партиясининг президент сайлови ва Европа Иттифоқи – Ўзбекистон алоқаларига муносабат билдирувчи баёнотлари ҳам ер олган.
“Инсон ҳуқуқлари” бўлимида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг “Қийноқлар бўйича альтернатив доклади” бор. Бу доклад ўтган йилнинг охирида Женевада ўтган БМТнинг Қийноқларга қарши кураш комитети сессиясига тақдим қилинган эди. Алоҳида айтиш керакки, Ўзбекистондаги ҳеч бир ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилоти бундай фундаментал ҳужжат тайёрламаган ва кўринишидан тайёрлай олмайди ҳам. Бу бўлимда инсон ҳуқуқларига оид хабарларнинг хроникаси ҳам берилган.
“Биз яшаятган жамият” бўлимида Туркиядаги машҳур “Нурчилар” диний жамоасининг сиёсий-диний фаолиятини акс эттирувчи рус тадқиқотчисининг мақоласи бор. Бу мақоланинг бир қатор камчиликларидан ҳоли бўлмаса ҳам, у ўзбек ўқувчилар учун қизиқарли бўлиши муқаррар.
Адабиёт бўлимида ёзувчи Холдор Вулқоннинг “Олисларда ёнган чироқлар” қиссасидан янги парчалар келтирилган.
Журнални ҳар доимгидек “Кечагина ўтган кунларимиз” бўлими тамомлаган. Бу ерда “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлатнинг мухолифат тарихига оид икки ибратли ҳикояси ва Ўзбекистонга оид бўлса ҳам мамлакатимизнинг расмий оммавий ахборот воситалари томонидан ёритилмаган муҳим воқеалар хроникаси билан танишиш мумкин.
