Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Пўлат Охун паспорти масаласида судга мурожаат қилди
“Бирлик” Партияси раиси ўринбосари Пўлат Охуннинг паспорти масаласи ҳукумат сиёсати даражасига кўтарилгани ҳақида аввалги хабарларимизда маълум қилгандик. ИИВ, МХХ, Президент девонида унга паспорт берилиши масаласи ечилмагач, Пўлат Охун 11 январь куни Шаҳрихон тумани ИИБ хорижга чиқиш, кириш бўлими мутасаддилари устидан судга мурожаат қилди. “Бирлик” фаолининг даъво аризасини қабул қилиб олган фуқаролик ишлари бўйича Бўз туманларо суди судьяси Қодиров ишни мазмунан кўриб чиқиш учун судья Шерзод Тошмирзаев қабул қилиб олганини, бир ой муддатда шикоятчига жавоб қайтарилишини айтди.
Шаҳрихон тумани ИИБдагилари эса мухолифат намоёндасининг важлари Андижон вилояти ИИБда текширилаётгани, Андижон вилояти ИИБ эса ишни Ички ишлар вазирлиги ҳал этишини айтмоқда. ИИВ мулозимлари Пўлат Охун маълум муддат яшаган Швеция Қироллигига сўровнома юборишганини таъкидлаб, унга жавоб келгач, паспорт бериш масаласи ҳал бўлишини таъкидлашган. Бу борада Швеция Қироллигининг Россиядаги элчилиги берган маълумотнома ҳисобга олинмаяпти. Афтидан, сўровнома баҳонасида ўзбек ҳукумати мухолифатчига паспорт беришни атай пайсалга солмоқда.
