Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Пўлат Охуннинг паспорти масаласида суд ҳам масхарабозлик қилишни бошлади
Шу йил 16 январдаги хабаримиздан маълумки, “Бирлик” Партияси раиси ўринбосари Пўлат Охун 11 январь куни Шаҳрихон тумани ИИБ хорижга чиқиш, кириш бўлими мутасаддилари устидан Бўз туманларо судига шикоят билан мурожаат қилган эди. 18 январь куни Бўз туманларо суди судяси Ш.У.Тошмирзаев шикоятчига жавоб йўллаб, унинг аризаси қабул қилинмаганини билдирган.
Қуйида шу икки ҳужжат – Пўлат Охуннинг шикояти ва унга берилган жавобнинг матнлари билан танишишингиз мумкин. Пўлат Охуннинг фамилияси Совет замонидан қолган ҳужжатлар асосида берилган паспортга кўра — Ахунов эканлигини ҳисобга олинг.
* * *
Андижон вилояти Шаҳрихон шаҳар А.Икромов кўчаси 2-уйда
яшовчи Ахунов Пулатжан Алимовичдан
Шаҳрихон тумани ички ишлар бўлими хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик бўлими мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатларига нисбатан
ШИКОЯТ
Мен — Ахунов Пулатжан Алимович 2007 йилнинг 12 март куни амал қилиш муддати тугаганлиги сабабли, CL 0022103 номерли паспортимни Шаҳрихон туман ички ишлар бўлими хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик бўлимига паспортимни алмаштириш масаласида мурожаат этдим ва муддати ўтган паспортимни ва талаб қилинган ҳужжатларни бердим.
Менга фуқаролик паспортимни алмаштириш масаласи Швеция давлати фуқаролигини олган ёки олмаганлигим тўғрисида маълумот бўлмаганлиги сабабли тўхтаб турибди.
Шаҳрихон туман ички ишлар бўлими хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик бўлими мансабдор шахслари менга фуқаролик паспорти олганимга қадарлик вақтинчалик шахсимни тасдиқловчи ҳужжат беришлари лозим бўлсада шу кунга қадарлик бундай ҳужжат бермасдан келмоқдалар.
Бу масалада охирги марта 2008 йилнинг 5-январ куни туман ИИБ бошлиғига ариза билан мурожаат этдим. Жавоб хатида бундай ҳужжат фақат фуқаролик паспортини йўқотган шахсларга берилишлиги билдирилган.
Шаҳрихон туман ички ишлар бўлими хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик бўлими мансабдор шахсларини бу ҳаракатларини мен қонунсиз деб ҳисоблайман, сабаби:
1. Ўзбекистон Республикаси “Фуқаролик тўғрисида”ги қонунига асосан ҳар бир Ўзбекистон фуқаросини шахсини тасдиқловчи ҳужжати сифатида паспорти бўлишлиги керак, мен Ўзбекистон фуқаросиман.
2. Ўзбекистон республикасининг “Фуқаролик тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддасида аниқ кўрсатилган:
“10-модда. Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг чет давлат фуқаролигига мансублигини тан олмаслик
Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган шахснинг чет давлат фуқаролигига мансублиги тан олинмайди.”
Қонунда аниқ кўрсатилган “тан олинмайди” ва бунинг учун на исбот на далил керак эмас.
3. Шаҳрихон тумани ички ишлар бўлими хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик бўлими мансабдор шахслари амалда ЎзР Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги Кодекснинг 223-моддасини 1-қисмида кўзда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этишга мени мажбур қилмоқдалар, чунки менда Ўзбекистонда паспорт тизими ҳақидаги қоида талабларига асосан паспортим ёки шахсимни тасдиқлайдиган ҳужжат бўлиши шарт. Акс холда ҳеч қандай шахсимни тасдиқлайдиган ҳужжатим бўлмагани учун мен қонунбузар сифатида жавобгарликга тортилишим ёки шахсимни аниқлаш мақсадида милиция ёки чегара хизмати ходимлари томонидан ушлаб турилишим мумкин. Бундай ҳолат бир неча маротаба бўлди.
Юқоридагиларга асосан, Шаҳрихон тумани ички ишлар бўлими хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик бўлими мансабдор шахсларини менга шахсимни тасдиқловчи ҳужжат беришдан бош тортганликда ифодаланган ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиб, менга шахсимни тасдиқловчи ҳужжат беришлик мажбуриятини юкламоғингизни илтимос қиламан.
Илова: 1. Ариза нусхаси
2. Жавоб хати
3. Паспортни ксеро нусхаси
Аризачи: П. Ахунов
* * *
ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИ БЎЙИЧА АНДИЖОН ВИЛОЯТ БЎЗ ТУМАНЛАРАРО СУДИ
710000, Бўз шаҳарчаси, А.Икромов кўчаси 36 уй. Тел: 8 (374)333-18-38, Факс 333-14-37
2008 йил 18 январ №-1
Андижон вилоят Шаҳрихон шаҳар
А.Икромов кўчаси 2-уйда яшовчи
Ахунов Пўлатжон Алимовичга
Фуқаролик ишлари бўйича Бўз туманлараро суди, ихтиёрингизга сизнинг Шаҳрихон туман ички ишлар бўлими хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик бўлими мансабдор шахсларининг ҳаракатларига нисбатан келтирган шикоят аризангизни суднинг 17.01.2008 йил кунги ажрими билан қабул қилишни рад қилинганлиги сабабли шикоят ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар ўзингизга қайтарилмоқда.
Илова: Ариза иловалари ва ажрим нусхаси 7 варақдан иборат
Фуқаролик ишлари бўйича Бўз
туманлараро судининг судьяси : (имзо) Ш.У.Тошмирзаев
А Ж Р И М
(Аризани қабул қилишни рад этиш ҳақида)
2008 йил январ ойининг 17 куни фуқаролик ишлари бўйича Бўз туманлараро судининг судьяси Ш.У.Тошмирзаев аризачи Ахунов Пўлатжон Алимович Шаҳрихон туман ички ишлар бўлими хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик бўлими мансабдор шахсларининг ҳаракатларига нисбатан келтирган шикоят аризаси билан танишиб, қуйидагиларни суд —
Аниқлади:
Аризачи Ахунов Пўлатжон Алимович судга шикоят ариза тақдим этиб, Шаҳрихон туман ички ишлар бўлими хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик бўлими мансабдор шахсларининг ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиб, ўзига шахсини тасдиқловчи ҳужжат беришлик мажбуриятини юклашликни сўраган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Процессуал Кодексининг 152-моддасининг 1-қисмида ариза судда кўришга тегишли бўлмаса аризани қабул қилиш рад этилиши кўрсатиб ўтилган.
Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги Низомнинг 13-бандига кўра “Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспортини олиш чоғида илгари олган паспортни доимий истиқомат жойидаги ички ишлар органига топширишга мажбурдир. Паспортни фуқаролар истиқомат жойидаги ички ишлар органлари беради ва алмаштиради” деб белгиланган.
Судга тақдим қилинган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар ўрганиб чиқилганида, аризачи Ахунов Пўлатжон Алимовичнинг Шаҳрихон туман ички ишлар бўлими хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик бўлими мансабдор шахсларини ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиб, шахсини тасдиқловчи ҳужжат беришлик мажбуриятини юклашлик ҳақидаги шикоят аризаси суднинг судловига тааллуқли эмас. Шу боис хамда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Процессуал Кодексининг 152-моддаси талабларига риоя қилган холда ариза судда кўришга тегишли бўлмаганлиги сабабли аризачи Ахунов Пўлатжон Алимовични аризасини рад қилишликни хамда келгусида ушбу ҳолат бўйича тааллуқлилиги бўйича ички ишлар органига мурожаат қилиш мумкинлигини тушунтиришликни лозим деб ҳисоблайман.
Юқоридагиларга кўра хамда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Процессуал Кодексининг 152-моддасини қўллаб, суд
А Ж Р И М Қ И Л А Д И
Аризачи Ахунов Пўлатжон Алимовичнинг Шаҳрихон туман ички ишлар бўлими хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик бўлими мансабдор шахсларининг ҳаракатларига нисбатан келтирган шикоят аризасини қабул қилиш рад этилсин.
Фуқаролик ишлари бўйича Бўз
туманлараро судининг судьяси : Ш.У.Тошмирзаев
Аслига тўғри:
Фуқаролик ишлари бўйича Бўз
туманлараро судининг судьяси : (имзо) Ш.У.Тошмирзаев
* * *
Юқорининг кўрсатмаси билан иш олиб бораётганига шубҳа бўлмаган Бўз туманлараро судининг судьяси Ш.У.Тошмирзаевнинг масхарабозлиги шундан иборатки, у ички ишлар органлари расмийлари устидан тушган шикоятни қабул қилмасдан, шикоятчини яна ўша ички ишлар органларига мурожаат қилишга чақирмоқда. Унинг адолат билан иши ҳам йўқ.
Ҳокимиятнинг тармоқлари – қонунчилик, ижроия ва суд – бир биридан мустақил бўлмас экан, Ўзбекистонда адолатга эришиш қийин бўлади.
