Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Ўзбекистонни Ғарбга боғлашмоқда, “Бирлик” яна ҳақ бўлиб чиқди (“Ҳаракат” агентлигининг шарҳи)
Яқин 2 ҳафта ичида Ўзбекистон Президенти Ислом Карим Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича комиссари Пьер Морель ва АҚШ Марказий Кучлари Қўмондони, адмирал Вильям Феллонни Тошкентдаги қароргоҳида қабул қилди. Бу воқеанинг қуйидаги жиҳатига урғу бериш керак.
Баъзи ўзбек мухолифлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари Ғарбни Ўзбекистон билан алоқаларни тикламаслик, унга қарши санкциялар киритиш ва Ўзбекистонни демократик дунёдан изоляция қилишга чақирдилар. Гўёки шундай қилинса, Ўзбекистон режими демократия томонга юришга мажбур бўлиши, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ўтишини гапирдилар. Бу хусусда Европа Иттифоқига баёнотлар жўнатдилар.
Фақат “Бирлик” Партияси бу масалада тамомийла бошқача позицияда бўлди. “Бирлик” дунёнинг Куба, Саддам замонидаги Ироқ, Ливия, Эрон, Шимолий Корея каби диктаторликларига қарши Ғарб давлатлари олиб борган санкциялар ва уларни изоляция қилиш сиёсати тўла муваффақиятсизликка учрагани, СССРнинг 1977 йилда ЕХҲТга жалб қилиниши эса, бу мудҳиш диктаторликнинг емрилишини тезлаштирганини рўкач қилиб, Ўзбекистони ҳам Ғарб структураларига интеграция қилишга чақирди. Шундай қилса, Ўзбекистондаги тузумнинг ўзгаришига йўл очилиши муқаррарлигини урғулади.
Партия раиси Абдураҳим Пўлат 2006 йили АҚШнинг Хельсинки Комиссиясидаги чиқишида шундай деган эди: “Ўзбекистон демократик кучларини ҳеч қандай шамол бўлмаган денгиздаги елканли кема билан солиштириш мумкин. Бу шамолсиз денгиз — Ўзбекистон режимидир. Шамолсиз денгизда елканли кема сузолмайди. АҚШ ва Ғарбнинг ҳар қандай шаклда Ўзбекистонга кириб келиши эса, улар тўғридан тўғри демократларга ёрдам бермаганлари тақдирда ҳам, денгизда демократия шамоли яратади. Бу шамолдан фойдаланиб, елканлар ёрдамида денгизда сузабилиш, аниқроғи, демократия томон ҳаракат қилиш мумкин. Шу сабабли Ўзбекистонга қарши санкциялар киритиш, уни дунёдан изоляция қилишга чақираётганлар нафақат дунёдаги воқеалардан хабарсизлар, нафақат демократиянинг фойдасига иш қилмаяптилар, аксинча, билиб-билмас диктатуранинг тегирмонига сув қуйишга интилмоқдалар.”
Ғарблик икки юқори савияли мулозимнинг Ўзбекистонга келиши, бундан аввал Европа Иттифоқи Тошкентда ресурс маркази очгани ва бошқа фактлар шуни кўрсатмоқдаки, воқеалар “Бирлик” таклиф қилган йўналишда кетмоқда. Ғарб давлатлари “Бирлик”нинг таклифи билан иш олиб боришмоқда демоқчи эмасмиз, аммо, бу мисол ҳам “Бирлик” Партиясининг етук сиёсий ташкилот эканлигини исботламоқда.
Энди елканларни ишга тушириш замони келмоқда. Лекин, бу ҳам осон иш эмаслигини, демократлар “Бирлик” кемаси атрофида бирлашиши кераклигини ҳамма тушунса керак.
