Швецияда чиқадиган яна бир газета Пўлат Охуннинг паспорти масаласини ёзди

Бугун Швециянинг Ғарбий қисмида тарқатиладиган “Экстра” номли газетада “Бирлик” Партияси раиси ўринбосари Пўлат Охуннинг бир йилдан бери Ўзбекистонда паспортини алмаштиролмасдан сарсон-саргардон қилинаётгани ҳақида газетанинг бир саҳифасини эгалловчи «Ўз юртида тутқун» номли катта мақола эълон қилинган. Маълумки, Пўлат Охун оиласи билан охирги йилларда Швециянинг ғарбидаги Хельсинборг шаҳрида яшар эди. Унинг оиласи ҳали ҳам шу ерда, ўзи эса ўтган йилнинг февраль ойидан бери туғилиб ўсган жойи Шаҳрихонда муддати тугаган паспортини алмаштиролмасдан овора.

Аввал “Экстра” газетасининг ўқувчилари Пўлат Охуннинг тўла биорафиси ва сиёсий ҳаётидаги воқеалар билан батафсил таништирилган. Ўзбекистон, ундаги аҳвол, мухолифатга оид умумий маълумотлар берилган. Унинг оиласи ҳақида ҳам батафсил маълумотлар бор. Пўлат Охун ва оиласининг фото расмлари ҳам шу саҳифада ер олган.

Сўнгра газета Пўлат Охуннинг паспорти масаласига ўтади. Унинг оиласи бу хусусда Швеция ҳукумати ва парламентига қилган мурожаатлари, олинган жавоблар тилга олинади. Оила аъзоларига Ўзбекистонга бориш учун Ўзбекистон элчихонаси виза бермаётгани урғуланади.

Газетанинг ёзишича, Пўлат Охун Швеция фуқароси бўлмагани учун бу ишга тўғридан тўғри аралашолмайди, аммо мухолифатчининг оиласини талаби билан халқаро ташкилотлар орқали нима қилиш керак бўлса, шуни қилмоқда ва қилишни давом этиради.

Хуллас, «Бирлик» лидерларидан бирининг паспорти масаласи Ўзбекистон ҳукумати тарафидан сиёсатлаштириаётгани тилларга достон бўлмоқда. Маълум бўлишича, партия раҳбарияти бу масалани Европа Иттифоқи расмийлари даражасига олиб чиқиш ҳаракатида. Ўзбекистон ҳукуматидагилар ҳам шуни истайдилар, шекилли.