Пўлат Охун паспорт олиш учун курашини давом эттирмоқда

“Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари Пўлат Охун тахминан бир йилдан бери паспортинии алмаштиришни пайсалга солиб келаётган маъсуллардан бири – Ички ишлар вазирлигининг Хорижга чиқиш-кириш ва фуқаролик бошқармаси бошлиғи Б. Шорихсиевга шу йил 7 февралда хат йўллаб, ўз паспорти масаласи бўйича ҳамма ҳужжатлар топширилганига қарамасдан паспорт берилмаётгани сабабли бу одамни судга беришини билдирди.

Пўлат Охун бугун ИИВнинг Қонунлар бажарилишини назорат қилиш бошқармаси бошлиғига ҳамда Олий Мажлис Омбудсманининг Андижон вилояти бўйича вакили М.А. Хўжамбердиевга мурожаат қилиб, тегишли органлардан ўз паспорти масаласини тезда ҳал қилишни талаб этишни сўради. Эслатиб ўтамиз, Пўлат Охун М.А. Хўжамбердиевга аввал ҳам мурожаат қилиб, ундан 2007 йил 6 августда 02/51 сонли жавоб ҳам олган эди. Бу жавоб Ички ишлар вазирлиги маъсулларининг гапларини такрорлаган эди, холос.

Швеция Ташқи ишлар вазирлигидан яна бир марта Пўлат Охуннинг бу мамлакат фуқароси эмаслиги хусусида келган ҳужжатлар ҳисобга олиниб, паспорт масаласи тезда ҳал этилиши керак, дейди бу масалани ўрганиб бораётган мухбиримиз. Аммо, айни пайтда шуни ҳам эътироф этиш керакки, давлат ишларини масхарабозликка айлантириб юборган Ўзбекистон расмийлардан ҳар нарса кутиш мумкин.