Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
“Эзгулик” ҳар доигидек адолатсизликларга қарши фаолиятда
Шу кунларда бу таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилот тарқатган пресс-релизларда Ўзбекистондаги режим томонидан қилинаётган бир қатор адолатсизликлар фош қилинади. Улар билан жамиятнинг сайтида (www.ezgulik.org) танишиш мумкин. Бу хабарда ўқувчиларимизни уларнинг қисқача мазмуни билан таништириб ўтамиз.
18- сонли пресс-релизда “Карвонбозор” бозорида чойхона очган Ахроров Шорахматнинг “саргузаштлари” ҳикоя қилинади. Бу тадбиркор ҳамма керакли рухсатномаларни олиб иш қилганига қарамасадан, маҳаллий ҳокимият вакиллари унинг чойхона комплексини рўйхатдан ўтказтирмаганлар ва уни бузиб ташлаш учун ҳаракат бошлаганлар. “Эзгулик” бу масала бўйича мамлакат Бош прокуратурасига мурожаат қилиб, чойхона жойлашган Учтепа туманининг расмийлари (бозор маъмурияти, туман Адлия бошқармаси ва суди) қилаётган қонунбузарликларга чек қўйишни талаб қилади.
Бошқа бир пресс-релизда (№ 19) жамиятнинг Сирдарё бўлими қошида ташкил этилган “Ёш эзгуликчилар” клуби фаолларининг бир ташаббуси ёритилдади. Маълум бўлишича, бу вилоятда мактаб ўқувчиларини металлом ва макулатура йиғиш, кутубхона фондини тўлдириш каби ишларга мажбурлаб жалб қилишмоқда экан. Металлом тўплаш бўйича план ҳам тепадан туширилибди. Унга кўра, ҳар бир мактаб 2 тонна, ўрта таълим муассасалари ва коллежлар 20 тгоннадан металлом йиғишлари шарт. Акс ҳолда ўқитувчиларга жарима солинади. “Ёш эзгуликчилар” ҳукуматнинг тегишли идораларинининг эътиборини шу масалага қаратиш учун ҳаракат қилмоқдалар.
“Эзгулик”нинг 20- сонли пресс-релизи “Бирлик” Партияси лидерларидан Пўлат Охуннинг паспорти масаласи бўйича давлат идоралари томонидан қилинаётган қонунбузарликлар Шайхонтохур судида ҳам давом этгани тилга олинади. Бу хусусда аввалги хабарларимизда тўла маълумот берилган. “Эзгулик” жамияти ўз ҳужжатида Пўлат Охуннинг ҳуқуқларини топталиши хусусида Ўзбекистон президенти аппарати ходимлари хабардор эканлигига шубҳа йўқлиги такрорланади ва Пўлат Охун сиёсий фаолияти учун жазоланаётгани урғуланади.
