Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
“Эзгулик”: Норбой Холжигитов озод қилиниши керак! (Пресс-релиз № 33, 20.06.2008)
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига Самарқанд вилояти Иштихон тумани Кўрли ф/й Қизил қишлоғида яшовчи фуқаро Ҳаётулло Холжигитов мурожаат қилиб, отаси, ҳуқуқ ҳимоячиси ва мухолифат фаоли Норбой Холжигитовнинг аҳволи оғирлигини маълум қилган. Аниқланишича, “Бирлик”чи, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли (1948 йимлда туғилган) Норбой Холжигитов ҳозирда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖЖИЭББи тизимидаги 64/61-муассасада жазо муддатини ўтамоқда. У 2005 йилнинг июнида жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди ҳукми билан ЖКнинг 139-моддаси (Туҳмат), 165-моддаси (Товламачилик) асосида 10 йилга озодликдан маҳрум этилган. Аризада қайд қилинишича, Норбой Холжигитовнинг аҳволи ағир, у сурункали қандли диабед туфайли ўзини эплай олмайдиган аҳволга тушиб қолган. Тишлари тушган, кўзлари кўрмай кўрмайди. У қамоқдан жамиятимиз номига ёрдам сўраб, хат чиқарган.
Мазкур жазони ижро этиш муассасасида бир муддат Норбой Холжигитов билан бирга жазо муддатини ўтаган таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддиновга кўра, Қашқадарёнинг Шайхали ҳудудида жойлашган мазкур зонада аҳвол даҳшатли манзара касб этган. Ҳар йили баҳор-ёз ойларида маҳбуслар ўртасида ўткир формали дизентерия (ич кетиши) тарқалади. Зона шу типдаги муассасаларидан ҳар хил ҳашоратларнинг кўплиги, оддий гигиена нормаларига амал қилинмаслиги билан ажралиб туради. Ана шу муассасадаги Норбой Холжигитовнинг аҳволи ҳатто бундан икки йил аввал ҳам оғир эди.
Ҳаётулло Холжигитовнинг баён қилишича, отаси қамоққа олинган пайтда унинг ўзига нисбатан ҳам жиноят иши қўзғатилган. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 166-моддаси (Ўғирлик), 277-моддаси (Безорилик) билан айбланиб, жазо муддатини ўтаган Ҳаётуллога ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ҳозирга қадар босимлар ўтказиб келинмоқда. У бу босимларни отасининг сиёсий фаолияти натижаси ўлароқ кўради. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти умуми аҳволни ҳисобга олиб, Ҳаётулло Холжигитовнинг аризаси асосида Норбой Холжигитовга адвокат ёллади ва адвокат ҳуқуқ ҳимоячиси номига ордер олди. Ҳозирда Холжигитовни озод қилиш учун ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга бошлади.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ўзбекистон ҳукуматини 60 ёшга тўлган, аҳволи ўта оғир ҳуқуқ ҳимоячисини озодликка чиқаришга чақиради. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуроридан Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 534-моддаси асосида мухолифат вакилининг ишини қайта кўриб чиқишни, унинг тузалмас дардга чалингани муносабати билан жазо муддатини дарҳол тўхтатишни талаб қилади. Халқаро ҳамжамият, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини бу борада мамлакат расмийларига босим ўтказишга ундайди.
Манба: www.ezgulik.org
