Адвокатнинг ниқоби тўла йиртилди

Бугун бир қанча интернет сайтлари таниқли тутқундаги диссидент шоир Юсуф Жуманинг ўғли Алишернинг очиқ хатини чоп этди. Унда кўпчилик ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифат вакилларига адвокатлик ролини ижро этаётган Руҳиддин Комиловнинг хатти-ҳаракатларига баҳо берилади. Маълум бўлишича, адвокат Юсуф Жума ва унинг ўғли Машрабга ҳимоячилик ниқобида мамлакат махсус хизматларининг буюртмаларини бажариб келган.

Алишернинг очиқ хатида: “Мен Руҳиддин Комилов СНБ кўрсатмаси билан иш қилаётгани, демократик давлатлардан товламачилик қилиб, бизнинг қора кунимиздан фойдаланиб опам Ферузанинг номига пул олиб ўзлаштиришга урингани, уни қўрқитиб террорчилик қилгани учун Руҳиддин Комиловни адвокатликка нолойиқ, деб биламан ва ундан воз кечаман. У билан қилган шартномам ўз кучини йўқотганини эълон қиламан. Руҳиддин Комиловни бу қилган ишлари учун далиллар билан Ўзбекистон Олий судига бераман. Токи бундан кейин ўзбек мазлумлари ўз тақдирларини Руҳиддин Комиловга ўхшаган адвокатларга топширмасинлар”, дейилади.

Эслатиб ўтиш керак, бир пайтлар “Бирлик” Партияси МК аъзоси, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси ўринбосари бўлган Руҳиддин Комилов Андижон қатли оми туфайли ҳибсга олинган беш нафар “Бирлик” ва “Эзгулик” фаолларига ҳимоячилик қилган пайтда ўзгара бошлаган эди. У ўша пайтдаги дастлабки терговлар даврида ўзини бу ишга ёллаган партия раҳбари Абдураҳим Пўлат ва “Эзгулик” раиси Васила Иноятнинг устидан ҳам жиноят иши қўзғатишни сўраб, Андижон вилояти прокурори Б.Деҳқоновга мурожаат қилгани ҳаммани ҳайратга солган. Натижада Абдураҳим Пўлат ва Васила Иноятнинг устидан жиноят иши қўзғатилган ва иш Абдураҳим Пўлат мамлакат ҳудудида эмаслиги боис алоҳида иш юритувига олинган.

Шу воқеадан кейин, “Бирлик” ва “Эзгулик” Руҳиддин Комилов билан алоқаларини бутунлай тўхтатган эди. “Эзгулик” жамияти Марказий бошқаруви мажлисида унинг бу ҳаракатлари, яъни мижозга қарши ишлаши устидан Адлия вазирлиги қошидаги адвокатларнинг Олий малака комиссиясига мурожаат қилишга келишилган, аммо Васила Иноятнинг: “Орамиздаги парокандаликдан фақат ҳукумат манфаатдор” деган сўзларидан кейин бу қадам қилинмаганди.

Мухолифат гуруҳлари ичида бирлик ва ҳамкорлик бўлмагани сабабли, Руҳиддин Комиловнинг иши кўпчиликнинг диққатидан четда қолди. Мана энди унинг ким эканлиги ҳаммага маълум бўла бошлади. У айниқса Дадахон Ҳасан ва Юсуф Жума ишида ўзини тўла фош этди.