Пўлат Охуннинг суди бугунга қолдирилган

Кеча фуқаролик ишлари бўйича Бўз туманлараро суди Андижон вилояти ИИБ Хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик бўлими томонидан “Бирлик”чи Пўлат Охуннинг доимий рўйхатини (прописка) бекор қилиш юзасидан киритган даъво аризасини кўришга бошлади. Бугунги суд мажлисида жавобгар Пўлат Охун даъво аризасини олмагани, у билан таниш эмаслиги, шу боисдан сўроқ ва муҳокамаларга тайёр эмаслигини билдириб, суд мажлисини кечиктиришларини сўради. Суд мажлисининг 14 июлга қадар кечиктирилгани эълон қилинди.

Аммо, дейди мухбиримиз, кеч соат 22 ларда ўзини суд котибининг шогирди (стажер) деб таништирган ўспирин Пўлат Охуннинг уйига келди ва Бўз туманлараро суди раисининг эртага, 10 июль кунига суд мажлиси белгилангани, бормаса бўлмаслигини таъкидлади. Пўлат Охун суд ходимининг ҳужжатини кўрсатишини талаб қилиб, (суд ходимининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати йўқ экан – “Ҳаракат”) чақирув қоғозини олмади. Бироқ шунга қарамай сиртдан ҳал қилув қарори чиқарилиши эҳтимолидан суд мажлисига бораман, деди “Бирлик”чи мухбиримиз билан суҳбатда.

Пўлат Охун паспорти билан боғлиқ можаро туфайли Ўзбекистон ҳукумати устидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитасига мурожаат қилганини таъкидлади. Маълум бўлишича, Ўзбекистон ҳукумати 1995 йилдаёқ Шахснинг сиёсий ва фуқаровий ҳуқуқлари ҳақидаги Пактни тан олган ва шу Пактнинг Иккинчи Факультатив Протоколига мувофиқ, ўзбекистонликлар ўз ҳукумати устидан қўситага мурожаат қилиши мумкин. Шу шикоятнинг тўла матни билан сайтимизнинг “Актуал мавзу” бўлимида танишиш мумкин.