Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Илҳом Алиев президентиликка номзод бўлди, мухолифат партиялари сайловни бойкот қилишмоқчи
Бугун ҳокимиятдаги “Янги Озорбойжон Партияси” ўз раиси Илҳоом Алиевни бир овоздан шу йил 15 октябрда бўладиган президент сайловига номзод қилиб кўрсатди. Демократиядан узоқ бўлган бу мамлакатда сайлов қандай ўтиши ҳам маълум, демак, Илҳом Алиев яна президент бўлиб қолади.
Кеча пикет ҳам ўтказолмаган Мусават Партияси (раиси Муса Қамбар) президент сайловида қатнашмасликка қарор қилган. Озорбойжон Халқ Жабҳаси Партияси (раиси Али Каримли) ва унинг иттифоқчилари бўлган икки майда партия сайловда қатнашмаслик қарорини аввал эълон қилишганди.
Эслатиб ўтиш керакки, Мусават Партияси Озорбойжон Халқ Жабҳасидан 1992 йили Элчибей президент, Муса Қамбар эса унинг энг яқин одамларидан бири бўлган пайтда ажралиб чиққан. Ҳозир Мусават ва Озорбойжон Халқ Жабҳаси партиялари бир-бирларига душманликлари билан машҳурлар.
Хуллас, кўриниб турганидек, ажралганни бўри емоқда. Парчаланишдан бошқа нарсага қодир бўлмаган мухолифат партиялари ўлим остонасида ҳам бирлашини истамайдилар, худди Ўзбекистонда каби.
Озорбойжондаги демократ партиялар ўз келажакларини ўйламаяптилар, дейиш ҳам хато бўларди. Улар кимдир келиб демократия ўрнатса, ана ундан кейин ҳокимият учун курашига ўзларини “тайёрламоқдалар”.
Агар “Бирлик” Партияси бўлмаса, Ўзбекистонда ҳам аҳвол аллақачон шундай бўлган бўларди. Яъни, ўнлаб партиячалар қурилган ва улар демократия ўрнатилгандан кейин ҳокимият учун курашишга тиш қайраб ўтиришган бўларди. Фақат “Бирлик” Партияси ҳеч нарсани кутиб ўтиргани йўқ, аксинча, демократияни ривожлантириш учун якка ўзи бўлса ҳам бугун ҳаракат қилмоқда. Бошқалар — томошабин.
