“Бирлик” фаоли Пўлат Охуннинг ўғирланишига изоҳ берилиши керак! (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи, № 42, 21.08.2008)

Шу йилнинг 9 августида “Бирлик” партияси раиси ўринбосари Пўлат Охун Андижон вилояти Шаҳрихон шаҳридаги уйидан сирли равишда ғойиб бўлди. Орадан икки кун ўтиб, Андижон вилояти ИИБнинг Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими чақирувига биноан уйидан чиққан мухолифат фаолининг давлат рақами Қирғизистон Республикасига тегишли бўлган автоуловда ўғирланиб, Бишкек шаҳри яқинидаги яйдоқ далалардан бирига ташлаб кетилгани маълум бўлди. Ҳозирги кунда “Бирлик” партияси раиси Абдураҳим Пўлат ва унинг ўзининг таъкидлашича, БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича Қирғизистон бўлими мутасаддиларига мурожаат қилган, вақтинчалик қўшни мамлакатдан бошпана топган.

Аслида кейинги бир ярим йил давомида Пўлат Охун айнан сиёсий фаолияти учун Ўзбекистон ҳукуматининг бош оғриғига айланган, унинг фуқаролик паспорти алмаштириб берилмаётган эди. Айнан 2007 йилнинг 11 мартида 45 ёшга тўлгани муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролик тўғрисида”ги Қонуни талабларига кўра паспортини алмаштиришга берган Охунов уни қайтариб ололмади. Ички ишлар, прокуратура идоралари қонунни қўпол тарзда бузиб, унинг фуқаровий, сиёсий ҳуқуқларини поймол қилиб келди. 2008 йилнинг 3 апрелида ҳукуматнинг сиёсий буюртмасини қонунлаштирган фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди судьяси Д. Мавлонова Ўзбекистон ИИВ ХЧК ва ФР бошқармасининг паспорт беришни рад этиш ҳақидаги иддаосини қондирди. Суднинг аппелация босқичида ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун Тошкентга келаётган Пўлат Охун Қамчиқ довонида бир гуруҳ қуролланган миршаб ва ҳарбийлар томонидан ҳибсга олинди, феълан уй қамоғига маҳкум этилди.

Шундан сўнг Пўлат Охун ўзининг паспорти масаласи сиёсийлаштирилаётганини, бу масала айнан Республика Президенти Ислом Каримов, Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов ва Ички ишлар вазири Баҳодир Матлубовнинг шахсан назоратида эканини урғулаб, уларни маҳкамага чақиришни талаб қилди. Муаммо дунё бўйлаб оммавий ахборот воситалари саҳифаларига кўчаркан, Пўлат Охунга нисбатан маҳаллий матбуотда, айрим интернет нашрларида провакацион чиқишлар, унинг шаъни, қадр-қимматини таҳқирловчи мақолалар уюштирилди. Мазкур ҳаракатлар айнан сиёсий буюртмалиги, масаланинг махсус хизматлар назоратида экани боис туҳматлар устидан унинг суд маҳкамаларига арзлари оқибатсиз қолдирилиб келаверди. Халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус ваколатхоналари талабига айланган паспорт масаласи борасида ҳукумат кескин чора кўришга мажбур бўлди ва айни пайтда ўта хунук ўғирлик ҳолати содир этилди.

Бинобарин, Пўлат Охуннинг ўғирланиши, унинг ихтиёрсиз тарзда чегарани бузиб ўтган шахсга айлантирилиши аввалдан режалаштирилган, уни руҳан синдириш ва сиёсий фаолиятдан маҳрум этиш учун амалга оширилган ҳаракат экани маълум бўлди. Ҳартугул, воқеалар ривожи, унинг ғойиб бўлиши билан боғлиқ ҳодисага қарийб икки ҳафтадан буён изоҳ берилмаётгани ҳолати буни исботламоқда. Ҳолбуки, Пўлат Охун Ўзбекистон ҳукуматининг устидан “Сиёсий ва фуқаровий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро Пактга мувофиқ, БМТнинг инсон ҳуқуқлари қўмитасига арз қилган, бу борадаги 2-факультатив протоколга мувофиқ, ҳукумат қўмитага изоҳ беришга мажбур эди. Айнан шу жараён арафасида Қирғизистон ҳукуматининг бундай провакацияларга лоқайдлигидан фойдаланган ҳукумат Пўлат Охунни гўё қочоққа “айлантирди”.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти юртимизда Инсон ҳуқуқлари Умумжахон Декларациянинг 60 йиллиги нишонланаётган бир пайтда “Бирлик” партияси раиси ўринбосари Пўлат Охуннинг ғойиб бўлиш ҳодисаси атай уюштирилган деб хисоблайди. Айнан шу хилдаги ҳодисалар тажрибада бир неча марта такрорлангани, ўғирланган шахслар тақдирига изоҳ берилмагани боис ўзининг хавотирларини изҳор этади. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Миллий хавфсизлик хизматини бу борада расмий изоҳ беришга чақиради. Жамоатчиликни Пўлат Охуннинг тақдиридан огоҳ бўлишга давъат қилади.