Барак Обама Афғанистонга эътиборни орттириш ниятида қатъий

Вашингтон Пост газетасида бугун ёзилишича, АҚШнинг сайланган-президенти Барак Обаманинг инаугурациядан кейин имзолайдиган биринчи қарори Гуантанамо қамоқхонасини бекитиш бўлади. Обама имзолаши аниқ бўлган қарорлардан яна бири – Пентагоннинг таклифи билан АҚШнинг Афғонистондаги қўшинлари сонини ҳозирги 32 мингдан 62 мингга чиқариш, яъни қўшинлар сонини 30 мингга ошириш бўлади. Афғанистонда 30 минг атрофида НАТОга кирувчи бошқа мамлакатларнинг қўшинлари борлигини ҳисобга олинса, анитеррор коалициясининг бу мамлакатдаги қўшинлари 100 минг кишига яқинлашади.

Обама сайловолди кампанияси давомида Афғанистонни “террорга қарши марказий жабҳа” деб эълон қилганди. Кўринишидан, бу масалада Обама сайлолди ваъдасини тўла бажармоқчи.

Американинг бундай қадами Марказий Осиё ва хусусан Ўзбекистон учун ҳаётий масалага айланади. АҚШ Давлат Котиби лавозимига Ўзбекистонни яхши билган, биринчи леди сифатида Ўзбекистонни зиёрат қилган Хилари Клинтоннинг келиши ҳам муҳимдир.

“Бирлик” раиси Абдураҳим Пўлат АҚШ қўшинлари Афғонистонга янги кирган даврда “Свобода” радиосига берган интервьюсида “Энди АҚШ Марказий Осиёда абадий қолади” деган эди. Унинг бу башорати ҳам тўғри чиқмоқда. Айниқса, ҳозир рус матбуоти АҚШнинг Афғонистонда собиқ СССР каби мағлубиятга учраши ва Толибоннинг қайтадан ҳокимиятга келишини башорат қилар экан — “Бирлик”нинг позицияси қанчалик реалистик эканлиги яна бир марта исботини топмоқда.