Кабар

бу ҳақда эрталаб соат 10 дан 42 минут ўтганда хабар тарқатди. Энди америкаликлар 180 кун ичида Манасни тарк этишлари керак.

Шу билан осмон узилиб тушмайди, дейди бу хусусда “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат. Бақиев ўз қарори билан Марказий Осиёда ўта оғир шароитда кетаётган демократик жараёнларнинг оёғига яна бир болта урди, холос. Қирғизистонда ҳатто демократик деб ҳисобланадиган мухолифат бу хусусда оғиз очмагани ҳам кўрсатмоқдаки, у ерда демократик мухолифатнинг ўзи қолмади.

Мен 1992 ёки 1993 йилда дунёнинг энг обрўли сиёсий нашри бўлмиш Newsweek журналида эълон қилинган сўзларимни тез-тез эслаб турман. Ўшанда айтгандимки, Марказий Осиёда ҳамма жараёнлар Ўзбекистон таъсирида бўлади. Бизда демократия бўлса, бутун минтақада бўлади, бизда диктатура ғалаба ғозонса, ҳамма жойда диктатура бўлади, бизда Исломнинг роли ошса, қўшниларимизда ҳам шундай бўлади. У пайтларда Ақаев ва Назарбоевлар анчагина демократ ҳисоблангани учун, менинг сўзларимни истеҳзо билан қабул қилганларнинг сони етарлича эди

Менинг ўзим ҳам, бу сўзларим эсимга тушганда, қани энди умримда бир марта бўлса ҳам янглишган бўлсам, деб умид қилардим ва ҳозир ҳам қиламан. Аммо, умидларим пучга чиқаверади.

Мен ҳали ҳам Марказий Осиёда ҳақиқий демократик жараёнлар Ўзбекистондан бошланишига ва Ўзбекистон бу йўналишда лидер бўлишига ишонаман. Ҳозир шоҳиди бўлиб турибмизки, Марказий Осиё мамлакатларида Горбачев сиёсатининг тўлқинларида туғилган миллий-демократик ҳаракатларнинг ҳаммаси (Ўзбекистондан ташқари) йўқ бўлиб кетди, фақат “Бирлик” оёқда ва уни ҳеч ким йўқ қилолмаслиги исботланиб бўлди.

Тўғри, “Бирлик” ҳозир анчагина кучсиз. Чунки, қаршимизда турган дунёнинг 10 та энг қонли диктатуралари рўйхатига кирувчи мавжуд режимдан ташқари, орқамизда бизга қарши пичоқ қайраб турган, ҳозир чет элга чиқиб олиб ўзини демократик мухолифат вакиллари қилиб қўрсатишга интилаётган бир гуруҳ псевдодемократлар ва ислом жоҳиллари ҳамда Озодлик, ББС, Америка Овози радиоларининг ўзбек хизматлари бор. Уларнинг асосий мақсади — мавжуд режимнинг кирдикорларини фош қилиш, у билан курашиш эмас, менинг навбатдаги башоратим амалга ошмаслигини исботлашга уриниш.

Лекин, уларнинг ҳаммасини секин-аста жой-жойига ўтқазиб қўямиз. “Бирлик” Ўзбекистонда, демак, юқоридаги башоратимдан келиб чиқиб, бутун Марказий Осиёда демократиянинг байроғи бўлиб қолади. Чунки, “Бирлик”да аниқ ғоя бор, аниқ мақсад бор, Ўзбекистон ичида ҳеч ким бузолмайдиган ташкилий структураси бор.