Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Туркияда ҳозир бўлаётгани каби алғов-далғовлар Ўзбекистонда келажакада бўлади
Кеча Туркия Ҳаво Йўллари кампаниясининг Истанбулдан Амстердамга учаётган ва ичида 135 киши бўлган бир учоғи Амстердамга қўнаётган пайтда ҳалокатга учради, 9 киши ўлди, ўнлаб ярадоралар бор. 53 киши касалхонада, 6 кишининг аҳволи жуда оғир. Албатта, шу воқеа ҳамманинг диққат марказида.

Шундай бўлса ҳам, айни кунда ўз жонига қасд қилиб ўлган Ички ишлар вазирлиги Бош Хавфсизлик Бошқармасининг Махсус Ҳаракат Бўлими (биздаги спецназ каби қурулиш) раҳбари Бехчет Ўқтойнинг фожеаси четга сурилиб қолмади. Чунки, гўёки бир гуруҳ Турк миллатчилари тарафидан давлат тўнтариши қилиш ёки мамлакатда беқарорлик чиқариб, ҳарбийларнинг ҳокимиятга келиши учун муҳит яратиш мақсадида тузилганлиги иддао қилинаётган “Эргенекон” ташкилоти устидан иш очилган ва унинг бир қатор аъзолари қамалган пайтда Бехчет Ўқтойнинг исми ҳам шу ташкилотга алоқаси бор киши сифатида матбуотда тилга олинмоқда эди.
“Эргенокен”нинг ҳам Махсус Ҳаракат Бўлимининг ҳам охирги 20-30 йил ичида баъзи одамларнинг сирли ўлими ёки сирли равишда ғойиб бўлишида қўли бор деб тахмин қилинмоқда. «Эргенокен» иши бўйича ҳибсга олинмасдан сўроқ қилинаётганлар орасида ўша Махсус Ҳаракат Бўлимининг Бехчет Ўқтойдан аввалги раҳбари борлиги ҳам диққатга сазовор воқеа.
Шулар сабабли, Бехчет Ўқтой ўзини ўзи ўлдиришга мажбур қилингани ва ҳатто ўлдирилиши мумкинлиги ҳақида ҳам иддаолар бор. Хуллас, ўтмишнинг сирлари бугун ҳам Туркияни алғов-далғов қилмоқда.
Ўзбекистонда ҳам бундай сирли воқеалар етарлича бор. “Бирлик” халқ ҳаракати раиси Абдураҳим Пўлатга 1992 йилда Тошкент шаҳар прокуратураси олдида, шаҳар прокуратураси ва ички ишлар бошқармасининг раҳбарлари кўзи ўнгида номаълум одамларнинг ҳужуми, Ислом Уйғониш Партиси раиси Абдулла Ўтаевнинг миршаблар тарафидан уйидан олиб кетилиши ва шундан кейин ғойиб бўлиши (1994 ёки 1995 йили), машҳур уламо Абдували Қорининг Тошкент аэропортида “Тошкент-Москва” учоғига ўтиргандан кейин ғойиб бўлиши (1996 йил), “Бирлик” халқ ҳаракати Қашқадарё вилоят ташкилотининг раиси, Ўзбекистон Олий Советининг собиқ депутати Шовруқ Рўзимуродовнинг Ички Ишлар вазирлиги ертўласида тутиб турилган кунларда гўёки ўзини ўзи осиб ўлдириши (2001 йил) – шундай сирли воқеаларнинг бир нечтасидир, холос.
Бу ишларнинг ҳаммасини раҳнамоси Ислом Карим қариган сари, уларга аралашган давлат муассасалари, қонли ишларни бажаришни буюрган раҳабарлар ва бажарган ходимларининг пайтавасигга қурт тушиб бораётгани муваффақ. Яқин орада уларнинг ичида сирли ўлимлар пайдо бўлишга бошласа, ҳеч ҳайрон бўлмаслик керак.
Расмда: Бехчет Ўқтой
