Биздан ҲАРАКАТ, Аллоҳдан БАРАКАТ!
Ва улар, ўзларига кўра, тўғри қарор қилишди. “Бирлик”ни тўхтатиш учун унинг моторини йўқ қилиш керак. Ва улар шу йўлга ўтишди.
1992 йил 26 июнда “Бирлик” лидерларидан бири, собиқ СССР халқ депутати, СССР Олий Советида Сахаров-Ельцин гуруҳига аъзо бўлган ягона ўзбек депутати Пўлат Охун қамоққа олинди, 29 июнь куни Тошкент прокуратурасининг эшиги олдида менга суиқасд уюштирилди. Бир неча кундан кейин Ўзбекистон Олий Советида нутқ сўзлаган Ислом Карим “Керак бўлса яна юз кишининг бошини ёриб қўямиз” дейишгача бориб, бу воқеа учун маъсулиятни ўз зиммасига олди.
Бир неча ой Тошкент-Боку-Истанбулда даволаниб Ўзбекистонга қайтганимда мухолифат йўқ қилиб бўлинганди. Қизиқ, қайси ақли жойида бўлмаган ўзбек Пўлат Охуннинг қамалиши ва менинг бошим ёрилиши билан демократик мухолифатнинг йўқ қилиниши тасодифан бир вақтга тўғри келганини гапиришга журъат қилар экан?
Хуллас, 1992 йил 18 декабрь куни Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлдим. Бошим ёрилишидан 6 ой ҳам ўтмасдан ўша босқичда ўзбек демократик мухолифати фаолият олиб боролмайдиган ҳолга туширилди.
* * *
Аммо, фаолларимиз бир дақиқа ҳам тинч турмадилар. Бошқа имконият бўлмагани сабабли, ҳуқуқ ҳимоячисига айландилар. 10 йиллик тинимсиз кураш натижасида, 2001-2003 йиллари “Бирлик” қайтадан оёққа турди. Айнан шу пайтда ҳамма демократия тарафдорлари бизга қўшилишлари шарт эди. Аммо, минг афсуски, ўзбек жамиятини ҳали ибтидоийликдан чиқаролмагандик. Демократликка даъво қилаётганлар масхарабоз партия ва ташкилотлар тузиш билан машғул бўлдилар.
Биз ҳатто Ғарбдаги мутахассисларни ҳам ҳайрон қолдириб, ўзбекнинг жасур фарзандаридан бири бўлмиш Васила Иноят раҳабарлигидаги Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятини рўйхатдан ўтказишга эришдик, “Бирлик” Партиясини рўйхатдан ўтказиш эшиги олдига олиб келдик.
Ҳеч шубҳа йўқки, аҳмоқ акромийлар раҳабарларининг турли интервьюлари буни билвосита исбот этмоқда, вақти келиб МХХ архивларидан аниқ ҳужжатлар ҳам чиқади, айнан “Бирлик”ни тўхатиш учун 2005 йил май ойида қонли Андижон воқеалари уюштирилди. Бизга қаттиқ зарба берилди
Шундай бўлса ҳам бизни ҳеч ким ва ҳеч нарса тўхтатолмайди. Ҳозир “Бирлик”ни учинчи марта оёққа турғазиш ҳаракатидамиз.
Ҳукуматдагилар ҳам тамошабин бўлиб ўтирмоқчи эмас. Аммо, унутмайликки, 21 асрда қонли диктаторларнинг ҳам имкониятлари чекланган. Саддам Ҳусайин ва Муаммар Каддафийларнинг шармандали сўнгги дақиқаларини кўрсатувчи лавҳалар уларнинг кўзи олдида доимо туришига ҳеч қандай шубҳа йўқ.
Ҳозир бизнинг йўлимизни тўсиш учун “Бирдамлик” халқ ҳаракати ва Ўзбекистон халқ ҳаракати каби масхарабоз ташкилотлар тузишдан бошқа нарсага қодир бўлмай қолган махсус хизматларнинг устидан кулишни ҳам йиғлашни ҳам билмайди киши. Бундай масхарабозларга собиқ депутат ва вазирлар маслаҳатчилик қилса ҳам, уларни яксон қилиш ва олға кетиш ўзбек халқи олдидаги вазифамиздир.
Сўнгги юз йилларда Ислом муллалари, сўнгги ўн йилларда Ислом Карим томонидан аянчли аҳволга туширилган, Қирғизистон жанубидаги воқеалардан кейин миллат сифатини ҳам йўқотишга бошлаган ўзбекнинг қаддини тиклаш — ҳозирги босқичдаги муқаддас бурчимиз эканлигини унутишга ҳаққимиз йўқ.
