Афғонистон ва Туркманистон ҳам темир йўл билан боғланишмоқчи

Икки кунлик расмий ташриф билан кеча Ашхободга келган Афғонистон президенти Ҳамид Карзай маҳаллий ҳамкасби Гурбонгули Бердимуҳамедов билан яккама-якка ва ҳайъатлар иштирокида кўришишгач, икки мамлакат ўртасидабир қатор ҳужжатлар имзоланди, дейилади расмий хабарларда.

Хусусан, қуйидаги ҳужжатлар имзоланган:

— Икки мамлакатнинг савдо-саноат палаталари ўртасида ўзаро ҳамкорлик келишуви.
— Электроэнергетика соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳақида меморандум.
— Маданият-санъат, оммавий ахборот воситалари ва туризм соҳаларида ҳамкорлик қилиш бўйича келишув.
— Туркманистоннинг Отамурот манзилидан Афғонистоннинг Анҳой манзилигача 150 километрлик темир йўли қуриш.

Бу ҳужжатларнинг энг муҳими – охиргиси бўлса керак. Чунки, шу пайтгача Афғонистонда биттагина темир йўли бор эди. У ҳам бўлса Ўзбекистон тарафидан қурилаётган Термиз — Мозори-Шариф йўли. Кўринишидан, Афғонистон ёки унинг Ғарб иттифоқчилари бу масалада Ўзбекистонга боғлиқ бўлиб қолмаслик учун, темир йўлларнинг йўналишларини ҳам диверсификация/турли-туман қилишмоқчи.