Ўзбекнинг шоири Юсуф Жума ижодидан лавҳалар

Мени менсимаслик — жиноятга тенг

Қайси бир дийорда отмайин одим —
Мен ота юртимда юрибман дейман.
Тангридан келаман — кўкдан келса ким-
Мен ота юртимда юрибман дейман.

Ўзидан сўнг қурган Ўғизхон қайта —
Кўп қайта олган, олар албатта —
Пуштидан Юсуф бор — бўлса ҳам битта,
Мен ота юртимда юрибман дейман.

Мени менсимаслик — жиноятга тенг —
Қиличга қўл чўзиб чизғаяпман енг —
Ўзимга очунни этажакман кенг —
Мен ота юртимда юрибман дейман.

2018 йил

* * * * *

Мени тушунарди Қодирий булса —
Чoлпон, Фитрат бўлса тушунар эди.
Англарди Ҳазрати Беҳбудий булса.
Тушунмай қутузлар бошимни еди.
Бу нодон сўтаклар қайдан тушунсин —
Булбулни кўппаклар қайдан тушунсин.

Соғиндим Ўғизхон ҳоконлигини.
Соғиндим Темурхон султонлигини.
Тўмарис момомнинг соғинчидаман,
Атилла бобомнинг соғинчидаман.
Тозию пирсиён қайдан тушунсин —
Лочинни кўрсичқон қайдан тушунсин.

Қолди Соҳибқирон сафари чала —
Тириклай кўмилмай қолди кўп гала.
Қутлуғ йўл сўнггига етади қачон —
Қачон ичаклардан тўқиймиз салла.
Қони ёт ноқислар қайдан тушинсин —
Йўлбарсни тўнғизлар қайдан тушинсин

2018 йил

* * * * *

Қанча юкинг бўлса шунча
Юкингни юрт кўтаради.
Кўз — қондан очилган ғунча,
Юкингни юрт кўтаради.

Ота юртинг — ота-онанг —
Ерин ости — ёруғ хонанг —
Ота-онанг ҳоки -шуьланг,
Юкингни юрт кўтаради.

Бир кун оёқдан қоласан —
Сўнг оёқсиз йўл оласан —
Қора ўрин — гўр бўласан —
Юкингни юрт кўтаради.

Ер фалакдан баланд — нечун —
Азизлар тулрокда ёлқин —
Кўкдан кўлрок юртга юкин —
Юкингни юрт кўтаради.

Юсуфни ўлдирди юки,
Бор осмондан оғир юки,
Армон — ота-онам ҳоки,
Юкингни юрт кўтаради.

2018 йил

* * * * *

Менга карши тинмасин тилинг,
Ёғдир, номард, туҳмат — жалани.
Сотқинликдир бир умр йўлинг —
Қарғишлаган сендай даллани.

Битта тилинг етарли эмас —
Оғзингга ол итинг тилин ҳам.
Менга қарши ҳургин басма-бас —
Биламанки, бу ҳам сенга кам.

Эшагингнинг тилида ҳангра,
Тинчитмайди бу ҳам кўнглингни.
Оғзингга ол — бетиним сайра —
Ол онангнинг икки тилини…

2018 йил

* * * * *

Сотқин гала орсиз, эссиз, бир сўзимни уқмайсиз,
Элу юрт деб эрк йўлига мендек жонни суқмайсиз.
Шоҳу гадонг — баринг йиғил — бўйлашинглар, номардлар
Оёғимнинг ўн биринчи бармоғича чиқмайсиз.

2019 йил

* * * * *

Шоҳу гадо этса бирон ёмонлик
Эл жимми — ёмонлик эл ёмонлиги.
Сиртлонлар қилсалар тун кун сиртлонлик
Эл жимми — сиртлонлик — эл сиртлонлиги.

Ёвузликка қарши тургандир — динлик,
Жиноят — қўқувда жон турғунлиги.
Ҳукмдорми бошқа этса сотқинлик
Эл жимми, сотқинлик эл сотқинлиги.

2019 йил